15 December 2011
03:02 - “Эзгулик” Сенат раҳбари Собировга фуқаролик жамияти вакилларини озод қилиш борасида мурожаат қилди
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Илгизар Собировга йўллаган мактубида ҳуқуқ ҳимоячилари анъанавий амнистия акти муруввати қамоқларда қолаётган ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифатчилар ва сиёсий қарашлари эвазига озодликдан маҳрум этилган шахсларга етиб бормаётганини таъкидлаган. Жамият раиси Васила Иноятга кўра, касбий фаолияти ёки сиёсий қарашлари эвазига кўра ҳибс этилган фуқаролик жамияти вакилларининг деярли барчасига жазони ижро этиш муассасалари томонидан ички тартибни бузганлик айби қўйилмоқда ва улар мурувватдан бебаҳрадирлар.

Шу йилнинг 6 декабрида Конституция қабул қилинганлигининг 19 йиллиги муносабати билан чиқарилган Амнистия ҳақидаги Сенат қарори ҳам айнан шу жиҳатдан мукаммал эмас, яъни у халқимизнинг ҳақиқий бағрикенглиги ва мурувватини акс эттирмайди. Аксинча, жазони ижро этиш муассасалари маъмуриятига маҳкумни қамоқда “олиб қолиш” имкониятини яратган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари масаланинг айнан шу жиҳатига эътибор қаратиб, авф актини қўллашда мутасаддиларни бағрикенгликка чақирган. Ташкилотнинг мурожаатида озод қилиниши сўралган фуқаролик жамияти вакилларининг исми-шарифлари келтирилган, дейи мухбиримиз. Хабарнинг тўла тафсилотлари жамиятнинг расмий веб-сайтида.