11 December 2011
20:18 - Қозоғистонда янги байрам – Биринчи президент куни. Нега Ислом Карим президент бўлиб сайланган кунини ҳеч эсламайди?
Кеча Қозоғистон Сенати Нурсултон Назарбой биринчи марта президент бўлиб сайланган кунни, яъни, 1-чи декабрни Биринчи Президент Куни деб эълон қилди. Бу кун Давлат байрами деб ҳисобланади. Эслатиб ўтиш керак, Нурсултон Назорбой 1991 йил 1 декабрь куни умумхалқ сайловда президент этиб сайланганди.

Шу муносабат билан Ислом Каримнинг биринчи президент бўлиб сайланиш воқеасини эслашдан фойда бор.

Маълумки, 1990 йил 24 март куни собиқ СССР республикаларида биринчи бўлиб Ўзбекистонда президентлик лавозими таъсис этилди ва Ислом Карим биринчи президент этиб Олий Советда сайланди.

Тошкентда каттароқ бино қурилса ҳам, ўз раҳнамолигида қурилганини таъкидлашни яхши кўрадиган Ислом Карим нима учун ростдан ҳам тарихий бўлган воқеани, яъни ўзи собиқ СССР республиклари ичида “мардлик” кўрсатиб, биринчи президент бўлганини ҳеч эсламайди.

Чунки, у Москванинг архивларида ахир бир кун ўша воқеаларга оид ҳужжат чиқишини билади. Ҳа, айнан Москва, мустақиллик учун очиқча курашаётган миллий ҳаракатларнинг ҳовурини тушириб қўйиш ва халқларни алдаш мақсадида, республикаларда қўғирчоқ президентлар яратиш ҳақида қарор қабул қилган. Ва бундай ғояни амалда синаб кўриш, ҳар дом бўлганидек, энг ишончли қўғирчоққа, яъни Ислом Каримга топширилган.

Шу сабабдан Ислом Карим бу кунни ҳеч эсламайди, уни унутишга интилади. Қани энди, иложи бўлса, ўша воқеани Ўзбекистон тарихидан олиб ташласа. Аммо, у тарихни ўзгартиролмади. У Лубянканинг қўғирчоғи эканлиги ахир бир кун ўртага чиқади.