11 December 2011
02:15 - Москвада 20 йилдан бери кўрилмаган митинг бўлди, Путиннинг куни битмоқдами?
Яқинда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларини бекор қилиш талаби билан Москаванинг Кремль қаршисидаги Болотний майдонида ўтказилган бугунги митинг ташкилотчиларга кўра, унда 100 минг, полицияга кўра, 25 минг атрофида одам қатнашган. Ҳатто полициянинг баҳоси тўғри бўлса ҳам, бу митинг яқин йилларда тенги йўқ бўлган норозилик акцияси бўлди. Аслида, ҳақиқат ҳардоимгидек ўртада бўлиб, митингда 50 минг атрофида одам қатнашган бўлса керак.

Митинг ҳокимият олдига икки ҳафтада бажарилиши исталган 5 та талаб қўйди:

- Маркази Сайлов Комиссиясининг раиси Владимир Чуров истеъфога кетсин;

- Ўтган ҳафта ўтказилган парламент сайловларининг натижалари бекор қилинсин;

- Янги сайловлар тайинлансин;

- Сайлов натижаларини сохталаштириш фактлари ўрганилсин;

- Қонунларга ҳамма мухолифат партияларининг рўйхатга олинишини таъминлайдиган ўзгаришлар киритилсин.

Намойишчилар 24 декабрга янги митинг тайинлашди.

Россиянинг кўплаб шаҳарларида бунчалик катта бўлмаса ҳам, шу каби талаблар билан норозилик намойишлари ўтказилди.

Тахмин қилиш қийин эмаски, Россиянинг хўжайини Владимир Путин бу талабларнинг асосийларини бажармайди. Аммо, сони кун сайин ортиб борадиган намойишларни қандай тўхтатади?

Ҳозир Россиянинг сиёсий элитасида ҳам бўлиниш бўлишини кутиш керак. Шундай бўлса, Путиннинг боши яна ҳам катта дардга киради.

Шубҳасиз, Россияда демократияни ривожлантириш томонига қаратилган жараёнлар бошланади. Бироқ, Путиннинг куни тезда битадими, деган саволга ҳали аниқ жавоб бериш қийин.