10 December 2011
21:26 - Россия мухолифати Москвада сўнг йилларнинг энг катта норозилик намойишини ўтказмоқда
Ҳозир Москванинг марказидан унча узоқ бўлмаган жойдаги Болотний майдонида (майдон Москва дарёсининг бўйида, Кремлнинг қаршисидадир) ўтган якшанба куни Давлат Думасига ўтказилган сайлов натижаларини бекор қилиб, мухолифатнинг иштирокига ҳам йўл берадиган янги сайловлар тайинлаш, сиёсий маҳбусларни дарҳол озод қилиш каби талаблар билан оммавий митинг бошланди. Мухолифатга яқин бўлган турли манбаларга кўра, бу норозилик намойишида 40-50 минг одам қатнашгани айтилмоқда. Ҳақиқий рақам бироз паст бўлиши мумкин.

Аммо, ўн минглаб одамларнинг жорийдаги режимга қарши чиқиши - Путин ўз диктатурасини ўрнатганидан кейинги биринчи марта бўлаётган бундай катта акциядир.

Давлат Думасига ўтказилган сайловларда “Бирлашган Россия” партияси 50 фоиздан кам овоз олгани, бу кунги каби норозилик митингларига бунчалик кўп одам чиқиши - Путиннинг тахти лиқиллаб, Россия катта ўзгаришлар остонасига келаётганини кўрсатади. Агар мухолифат шу тарздаги фаолиятини кучайтириб борса, келаси йил март ойида бўладиган президент сайловида Владимир Путин мағлубиятга учраши муқаррар.

Расмда – одамлар кичик кўприк орқали ўтиб, дарёнинг нариги қирғоғидаги митингчилар сафига қўшилишмоқда.