10 December 2011
00:36 - Европа Иттифоқи яна ҳам жипслашмоқчи, аммо Англиясиз. Ислом Каримнинг турли иттифоқлардан қўрқишининг сабаби нима?
Бугун ЕИ лидерлари умумий бюджет яратиш йўналишида яна бир қадам қилдилар ва Бюджет Иттифоқи туздилар. Энди ЕИга кирувчи мамлакатлар бюджет сиёсатини ҳам ўз хоҳлаганларича эмас, биргаликда олиб борадилар. Бу катта ижобий қадам, асосан Германия канцлери Ангела Маркелнинг ташаббуси ва талаби билан қилинган қадам.

Аммо, Буюкбритания бу Иттифоқ ғоясини қўллаб қувватламади ва керакли ҳужжатларни имзоламади. Баъзи Шарқий Европа мамлакатлари бироз тараддуд ичида бўлсалар ҳам, охир-оқибатда Иттифоққа қўшилдилар. Энди ЕИнинг Буюбританиядан бошқа аъзолари молиявий масалаларда биргаликда ишлашга мажбурлар, акс ҳолда, еврозонадан чиқариладилар.

Европа вақти билан кечқурун қабул қилинган бу қарор АҚШда фондлар бозорининг очилишидақ ўз таъсирини кўрсата бошлади. Кеча сал кам 200 поғана тушиб кетган Dow Jones индекси бугун эрталабки икки соат иш вақти давомида 160 поғана юксалди.

Шу баҳона билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримнинг Конституция кунига бағишланган тантанали мажлисдаги нутқида Совет Иттифоқинининг мудҳишлигини мисол қилиб, турли иттифоқлардан қочишга чақириши ғирт калтафаҳмлик эканлигини эслатиш ўринлидир. Тушуниш керакки, Совет Иттифоқи “иттифоқ” эмас, русларнинг империяси эди. Аслида, у империянинг ашаддий ҳимоячиси, мустақилликнинг асосий душмани айнан Ислом Карим бўлганини эслатиш ҳам муҳим. Бу империя “Бирлик” ҳам ичида бўлган демократик кучлар тарафидан йиқитилди, Ўзбекистон мустақил бўлди.

Айни замонда, унутмаслик керакки, 21 аср глабаллашув асридир, иттифоқлар асридир. На Марказий Осиёда, на Турк дунёсида, на Евроосиё Иттифоқи доирасида ҳеч ким билан бирга бўлмаслик, Ўзбекистонни яккамоховга айлантириш учун қилинаёиган уринишдир. Тўғрироғи, Ислом Каримнинг уринишидир. Яна ҳам тўғрироғи, ўзининг ношудлигини ҳеч кимга кўрсатмаслик учун яккамохов бўлишни афзал кўраётган одамнинг ишидир.

Ўзбекистон будай яккамоховдан тезроқ қутилиши керак.