Россияда Давлат думасига ўтказилган сайловларнинг натижалари сохталаштирилгани, умуман сайловларда демократик принциплар оёқ ости қилинганини баралла айтаётган россиялик мухолифатчилар якшанбадан бери Москвада норозилик намойишлари ўтказмоқдалар. Ҳали расман эълон қилинмаган бўлса ҳам, ҳаммага маълум бўлиб бўлган маълумотларга кўра, Владимир Путиннинг “Бирлашган Росси” Партияси қақшатқич зарба еди, унинг диктатураси лиқиллашга бошлади. У келаси йил март ойидаги президент сайловида ғалаба қозониб, диктатурани эски ҳолига келтироладими, деган савол бугуннинг асосий мавзуси бўлиши керак. Ҳали бу саволга жавоб бериш қийин. Кўп нарса рус демократлари қанчалик тўғри ишлар қилишларига боғлиқ. Ҳозирча эса, хатолари кўп.
Кеча Москвад намойишлар пайтида полицянинг бўйруқларига бўйсинмади деган айб билан таниқли мухолифатчилар Илья Яшин ва Алексей Навальний маъмурий жазога тортилиб, 15 кунга қамалагани, бугун апелляция суди ҳукумни ўзгаришсиз қолдиргани ҳақида хабарлар бўлди. Уларни апелляция судига олиб келиб, суд залида бўладиган қафасга ўтказишган экан, судья бу ишнинг маъмурий эканлигини айтиб, уларни қафасдан чиқартирибди.
Айнан шу хабар ўз тарихимиздан бир воқеани эслатди. Вақтдан фойдаланиб, шу ҳақда қисқа ҳикоя ёзиш баҳонасида, бази муҳим фикрларимни айтиб олмоқчиман.
* * *
Мен эслаган воқеа мустақилликдан аввал, 1990 ёки 1991 йилларда бўлган. “Бирлик”чи сафдошим, Тошкент шаҳар адвокатлар консультатиициясининг раҳабари Миролим Одилов билан қандайдир бир иш билан ўша пайтдаги Куйбишев (ҳозирги Мирзо Улуғбек) туманидаги Компартия ташкилотининг раҳбари ёки туман ҳокими (яъни, ўша туманнинг хўжайини) Шуҳрат Нусратовнинг олига кирдик. Ўшанда Миролим Одилов ростдан ҳам Шуҳрат Нусратовнинг шахсига тегадиган қаттиқроқ гаплар ҳам гапириб юборди.
Кейин билсак, биз кетгандан кейин, у устимиздан шикоят ёзибди. Бизни туман судига чақиришди. Бундай судларда ўн марталаб бўлганман. Эслашга ҳам лойиқ воқеа эмас. Аммо, у ва ўша кунги воқеларнинг ҳамма ҳам кўравермайдиган муҳим тарафлари бор. Шуларни гапирмоқчиман.
Хуллас, судга 50 га яқин бирликчилар билан келдик ва Миролим Одилов билан бирга суд залидаги қафасга кириб ўтириб олдик.
Залга биздан кейин кирган судья иш маъмурий эканлигини айтиб, бизни қафасдан чиқишга чақирди. Биз “йўқ” дедик ва яна бир неча юз тарафдоларимиз бир неча дақиқа ичида бу ерга етиб келишини айтиб, судни каттароқ залга ўтказишни талаб қилдик.
Судьянинг эс-песи чиқиб кетгани юзидан ҳам кўриниб турарди. У ҳеч қандай савол-жавоб қилиб ўтирмасдан, қўлидаги тайёр қарорни ўқиди ва қочди. Бир неча жумлалик қарорда бизга арзимаган миқдорда жарима солингани айтилганди. Ростдан ҳам, судья қарорини ўқидию залдан қочди. Унинг чиқиб кетишини айнан “қочди” деб тарифлаш тўғри бўларди.
Табиий, биз суд залидан ғолиблар каби чиқиб кетдик.
Биз бирликчилар ўша кунги суд ва шунга ўхшаш жуда кўп сиёсий жараёнларда ғолиблар бўлганимизни тушунолмаган ва ҳозир ҳам шу аҳволда бўлган ўзбекларга мурожаат қилмоқчиман. Воқеаларни тўғри тушунишга ўрганинг. Акс ҳола қулликдан чиқолмаймиз.
Мустақиллик арафасидаги йиллар ва мустақилликдан кейинги ойларда бўлган сиёсий воқелар ҳамда жараёнларнинг мутлақо кўпчилигида биз ташқи кўринишидангина мағлубиятга учраганмиз, моҳиятан эса, ҳар доим ғолиб бўлганмиз.
Уларнинг ҳаммасини санаб ўтирмайман, бир нечта муҳимларини тилга оламан.
* * *
Мустақилликдан кейин, "Эрк” партияси рўйхатга олиниб, Тошкент марказида муҳташам бино унга қароргоҳ сифатида берилганда, унинг раҳбарлари оддий халқ ичида ҳокимият рамзи ҳисобланадиган қора “Волга”ларга ўтириб олишганда, “Бирлик” ҳаракат сифатида рўхатга олинса ҳам, бутун илтимос ва талабларимизга қарамасдан, бизга офис сифатида битта хона ҳам берилмаган. Аммо, айнан шу сабабли, биз моҳиятан ғолиб эдик.
1991 йил 19 декабрда ўтказилган биринчи президент сайловида иштирок этиш ҳаққи мухолифатдан “Эрк” партиясигагина берилди. “Бирлик”ни партия сифатида рўйхатдан ўтказиш учун қаттиқ ҳаракат қилдик. Умримдан қилмаган ишни қилиб, яширинча Адлия вазири Муҳаммадбобир Маликов билан унинг уйига бориб гаплашдим. Ислом Каримовнинг талабига қарамасдан бизни рўйхатдан ўтказса, тарихда қоладиган қаҳрамонга айланиши, вақтинча ишдан ҳайдалса ҳам, келажакда бундан ҳам буюк мансабларга ўтиши муқаррар эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Аммо, у киши кичик қизи оғир касал эканини, уни фақатгина ҳукумат одамларига қарайдиган медицина муассасалари доирасида даволаш мумкин эканлигини гапириб, вақтинча бўлса ҳам ҳукуматдан кетолмаслигини айтишдан нарига ўтмади.
Ўша сайловни кузатиш учун Ўзбекистонга келган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг махсус гуруҳи ўз ҳисоботида бу сайловдаги энг катта қонун бузилиши – “Бирлик” номзодининг сайловда иштирок этишга йўл берилмаганидир, деб айтган. Бу расмий ҳужжат тарихда қолади.
Гап бу ҳужжатда эмас, гап у ҳақиқатни ёзганидадир. Яъни, бу сайловда ҳам биз ғолиб бўлганимизниннг таъкиданишидадир.
Сайловдан кейин мухолифатни бирлаштириш учун сўнгги ҳаракатни бошладик. Аввалги хотираларимда ёзилганидек, мен касалхонада бўлганим сабабли, бирлаштириш ташаббусини амалга олириш билан “Бирлик”нинг асосчиларидан, ҳозирда марҳум профессор Олим Каримов шуғулланишга бошлади. Аммо, расмий офиси борлиги учун йиғилишларни ўтказиш вазифасини ўз елкасига олган “Эрк” партияси раҳабарлари “шундай қилмасак, ҳукумат офисимиз биносини олиб қўймоқчи, шунинг учун бу ерга ҳукуматнинг ашаддий душманлари деб ҳисобланган Абдураҳим Пўлатов, Миролим Одилов, Абдуманноб Пўлатов, Муҳаммадамин Нарзиқулов ва Толиб Ёқубовларни киритмаймиз” деб бу бирлашиш ғоясини ўлдирдилар.
Бу бирлашишга қўшилаётган собиқ Бош вазир Шукрулло Мирсаидовни "Эрк" газетасида “Ўғри қариса, мулла бўлади” номли мақола билан ифлосларча қоралаб, Демократик Форум ғоясига катта чормих (крест) қўйдилар. Бундан ҳам муҳими потенциал номенклатура мухолифатининг йўқ қилинишига асос яратдилар. “Эрк” раҳбарларнинг бу қадами уларни тамомийла фош қилиб, партияни ўлим остонасига олиб келди.
Биз эса, у партиядан фарқли ўлароқ, принципиаллигимиз ва ҳукуматнинг ўйинчоғи бўлмаслигимизни намойиш қилиб, яна ғолиб қолдик.
Ўша кезларда сал кам ҳамма собиқ Совет жумҳуриятлари бўйлаб саёҳат қилган АҚШ Давлат Котиби Жеймс Бейкер Тошкентга ҳам келди. Ва ҳеч қаерда қилмаган ишни қилиб, Тошкентда мухолифат лидери сифатида мен билан кўришди. Мен уни “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш масаласи билан шуғулланишга кўндирдим. У ўша куниёқ бизнинг ҳужжатларимизни шахсан ўзи Ислом Каримовга топширгандан кейин, ҳокимият бу иш билан шуғулланишга мажбур бўлган. Иш Олий Судда ҳам кўрилишга бошланди, суд ўз мажлисига Адлия вазири Муҳаммадбобир Маликовни чақириб, нега “Бирлик” Партияси рўйхатдан ўтказилмаётгани хусусида изоҳ сўрашга қарор қилди Бу Ўзбекистондек давлатда ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайдиган иш эди.
Аммо, биз шунга эришдик, яъни, яна ғолиб бўлмоқда эдик.
Ошкоролик бўлмаган Ўзбекистонда ўзбек халқи ўз тақдири билан боғлиқ бўлган бу ишлар, бу жараёнлардан хабарсиз эди. Аммо, хабари бўла туриб, бизни қўллаб-қувватлаш ўрнига турли шубҳали ўйинлар билан овора бўлган Олий Советдаги баъзи демократ-депутатларни тушуниб бўлмайди. Улар истар-истамас, минг афсуски, ҳукуматнинг тегирмонига сув қўйиш билан шуғулландилар.
Аммо, битта нарса аниқ. Ҳамма ерда моҳиятан “Бирлик” маънавий ғалаба қозонаётгани, келажак уники бўлишини Ислом Карим ва аввал Моcквага тобе бўлиб, энди унинг қўлига ўтган КГБдагилар яхши тушунишарди. Ва улар, ўзларига кўра, тўғри қарор қилишди. “Бирлик”ни тўхтатиш учун унинг моторини йўқ қилиш керак. Ва улар шу йўлга ўтишди.
1992 йил 26 июнда “Бирлик” лидерларидан бири, собиқ СССР халқ депутати, СССР Олий Советида Сахаров-Ельцин гуруҳига аъзо бўлган ягона ўзбек депутати Пўлат Охун қамоққа олинди, 29 июнь куни Тошкент прокуратурасининг эшиги олдида менга суиқасд уюштирилди. Бир неча кундан кейин Ўзбекистон Олий Советида нутқ сўзлаган Ислом Карим “Керак бўлса яна юз кишининг бошини ёриб қўямиз” дейишгача бориб, бу воқеа учун маъсулиятни ўз зиммасига олди.
Бир неча ой Тошкент-Боку-Истанбулда даволаниб Ўзбекистонга қайтганимда мухолифат йўқ қилиб бўлинганди. Қизиқ, қайси ақли жойида бўлмаган ўзбек Пўлат Охуннинг қамалиши ва менинг бошим ёрилиши билан демократик мухолифатнинг йўқ қилиниши тасодифан бир вақтга тўғри келганини гапиришга журъат қилар экан?
Хуллас, 1992 йил 18 декабрь куни Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдим. Бошим ёрилишидан 6 ой ҳам ўтмасдан ўша босқичда ўзбек демократик мухолифати фаолият олиб боролмайдиган ҳолга туширилди.
* * *
Аммо, фаолларимиз бир дақиқа ҳам тинч турмадилар. Бошқа имконият бўлмагани сабабли, ҳуқуқ ҳимоячисига айландилар. 10 йиллик тинимсиз кураш натижасида, 2001-2003 йиллари “Бирлик” қайтадан оёққа турди. Айнан шу пайтда ҳамма демократия тарафдорлари бизга қўшилишлари шарт эди. Аммо, минг афсуски, ўзбек жамиятини ҳали ибтидоийликдан чиқаролмагандик. Демократликка даъво қилаётганлар масхарабоз партия ва ташкилотлар тузиш билан машғул бўлдилар.
Биз ҳатто Ғарбдаги мутахассисларни ҳам ҳайрон қолдириб, ўзбекнинг жасур фарзандаридан бири бўлмиш Васила Иноят раҳабарлигидаги Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятини рўйхатдан ўтказишга эришдик, “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш эшиги олдига олиб келдик.
Ҳеч шубҳа йўқки, аҳмоқ акромийлар раҳабарларининг турли интервьюлари буни билвосита исбот этмоқда, вақти келиб МХХ архивларидан аниқ ҳужжатлар ҳам чиқади, айнан “Бирлик”ни тўхатиш учун 2005 йил май ойида қонли Андижон воқеалари уюштирилди. Бизга қаттиқ зарба берилди
Шундай бўлса ҳам бизни ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтатолмайди. Ҳозир “Бирлик”ни учинчи марта оёққа турғазиш ҳаракатидамиз.
Ҳукуматдагилар ҳам тамошабин бўлиб ўтирмоқчи эмас. Аммо, унутмайликки, 21 асрда қонли диктаторларнинг ҳам имкониятлари чекланган. Саддам Ҳусайин ва Муаммар Каддафийларнинг шармандали сўнгги дақиқаларини кўрсатувчи лавҳалар уларнинг кўзи олдида доимо туришига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Ҳозир бизнинг йўлимизни тўсиш учун “Бирдамлик” халқ ҳаракати ва Ўзбекистон халқ ҳаракати каби масхарабоз ташкилотлар тузишдан бошқа нарсага қодир бўлмай қолган махсус хизматларнинг устидан кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайди киши. Бундай масхарабозларга собиқ депутат ва вазирлар маслаҳатчилик қилса ҳам, уларни яксон қилиш ва олға кетиш ўзбек халқи олдидаги вазифамиздир.
Сўнгги юз йилларда Ислом муллалари, сўнгги ўн йилларда Ислом Карим томонидан аянчли аҳволга туширилган, Қирғизистон жанубидаги воқеалардан кейин миллат сифатини ҳам йўқотишга бошлаган ўзбекнинг қаддини тиклаш - ҳозирги босқичдаги муқаддас бурчимиз эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ.