03 December 2011
20:11 - Диктатура давом этаётган Сурияда 15, президенти алмаштирилган Яманда 32 намойишчи ўлдирилди, Қирғизистонда ҳам воқеалар шундай давом этади
Маълумки, “Араб баҳори” деб аталган инқилобий жараёнлар энг жиддий шаклда Сурияда, бу мамлакат диктатори Башар Асадга қарши намойишлар шаклида давом этмоқда. Сўнгги ойларда бу мамлакатда 4 минг намойишчи ўлганини урғулаган БМТ, воқеаларни “фуқаролар уруши” деб баҳолади.

Ростдан ҳам, бу мамлакатдаги воқеалар фуқаролар урушидир, дейди мухбиримиз. Бу урушни мамлакатда демократия қуриш ниятидагилар олиб бораётгани йўқ. Қолаверса, демократлар бундай қонли йўл танламаган бўлишарди.

Ямандаги воқеалар мухбиримизнинг фикри тўғри эканлигининг яна бир кўрсатгичидир. Бу мамлакатдаги намойишлар туфайли президент истеъфога кетди, янги бош вазир этиб намойишчилар вакили тайинланди. Қонли жараёнлар эса, давом этмоқда. Бугун ҳукумат кучлари билан намойишчилар ўртасидаги қарама-қаршилик натижасида 32 киши ўлди. Ваҳоланки, ҳукумат – янги ҳукумат.

Хуллас, бизнинг мухбирларимиз қайта-қайта урғулаган фикр мутлақо тўғри: яхши ташкилотлашмаган, таниқли лидерлари ва аниқ программаси бўлмаган гуруҳларнинг инқилоби кутилган натижаларга олиб келмайди. Бу фикр араб мамлакаатларига ҳам таалуқли, қўшнимиз Қирғизистонга ҳам. Қирғизистондаги қонли тўнтариш натижасида бу мамлакаатнинг келажаги савол остида қолганини ҳамма кўриб турибди.