08 November 2011
17:51 - Ўзбек муллаларининг лаганбардорлиги чексиз
“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат сайтимизда эълон қилган мақолаларидан бирида, Ўзбекистоннинг ҳозирги аҳволга тушишида Ислом уламоларининг жирканч ролини фактлар билан кўрсатиб берган эди. Хусусан, кейинчалик айнан шу режим тарафидан гумдон қилинган Абдували Қори, ўғли қамалиб, ўзи зўрга оёғини олиб қочган Обидхон Қори ва бошқа кўплаб муллалар ўз вақтида Ислом Карим Ўзбекистонда диктатура тиклаётганида, демократлар ва демократияни йўқ қилаётганда бунга кўз юмишгани ва ҳатто уни қўллаб-қувватлашганини ёзган эди.

Чала муллаларимизга бу воқеалар ҳам сабоқ бўлмабди. Бугун Ўзбекистоннинг расмий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарга кўра, Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов ҳозир ҳаж зиёрати қилаётган ўзбеклар номидан Ислом Каримга лаганбардорлик руҳидаги мактуб йўллаб, уни Қурбон байрами билан табриклаш билан бир қаторда, Ўзбекистонда дин эркинлиги, хусусан, ҳаж зиёратларига боришга имкони яратиб бериш йўлида қилган ғамхўрликлари учун миннатдорчилик билдирибди.

Ваҳоланки, бутун СССРда дин эркинлигига, хусусан, оммавий ҳаж зиёратларига йўл очган одам Михаил Горбачев эди. Ҳали ўзбек муллалари қўрқувдан оғиз очмай ўтирган пайтларида, ҳукуматдан омборхоналарга айлантирилган мачитларини таъмирлаб, қайтадан ибодатхонага айлантиришни талаб қилган одам айнан Абдураҳим Пўлат бўлганди.

Мусулмонлар ўз муллаларига баҳо беришга ўрганмас эканлар, Ислом динининг инқирози давом этаверади. Обидхон қори каби чала муллалар ўз вақтида қилган жиноят каби хатолари учун мусулмонлардан узр тилашлари лозим. Акс ҳолда, мусулмонлар ҳаётида ҳеч нарса ўзгармайди.