30 September 2011
04:35 - Ливияда иш битди, навбат Сурияга келмоқда
Ливиянинг собиқ диктатори Муаммар Каддафий ҳали қўлга тушмаган бўлса ҳам, унинг куни битган. Яқин кунларда у қўлга олинади, кейин суд қилинади ёки биронта жангда ўлдирилади. Ҳокимият тўла Ўтиш даври Миллий Кенгашининг қўлига ўтди. Дунёнинг кўпчлик мамлакатлари янги ҳокимиятни тан олишди, БМТда ҳам унинг вакили жой олди.

Кўринишидан, “Араб баҳори”нинг асосий воқеалари энди Сурияга кўчади. Мана бир неча ойдирки, катта талафотларга қарамасдан, мамлакат диктатори Башар Асаднинг мухолифатчилари унинг истеъфосини талаб қилиб, кўп минг кишилик митинглар ўтказмоқдалар. Секин-аста, худди Ливияда бўлгани каби, мухолифт структуралашишга, қуролланишга бошлади. Ҳали биронта лидернинг номи тилга олинаётгани йўқ. Лекин бундай лидер борлигига ёки жараёнлар ўртага яқинда янги лидер чиқаришига ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Al Arabiya тарқатган хабарга кўра, мамлакат армиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари қўзғолончилар тарафига ўтганлигини расман эълон қилишди. Бу гуруҳ Башар Асад режими хавфсизлик хизматидан 80 кишини ўлдирибди ва қамоққа ташланган студентлардан бир неча кишини озод қилибди.

Мухолифатчилар халқаро жамиятдан Суриянинг ички ишларига аралашишни ва Башар Асаднинг зулмини тўхтатишда ёрдам беришни сўрашмоқда. Мухолифат ташкилотлашмагани сабабли, ёрдам сўраганлар ким эканлигини тушуниш қийин, аммо бу гапларда жон бор бўлса керак.

Айни замонда, Россия ва Хитойнинг қаршилигига қарамасдан, БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши, биринчи қадам сифатида, мавжуд режимга қарши санкциялар киритиш учун ҳаракат қилмоқда. Бир неча кун ичида санкциялар киритилади ҳам. Ундан кейин мухолифатни расман тан олиш ва унга тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам ҳам бериш босқичи бошланса керак.