02 September 2011
01:13 - Абдураҳим Пўлат 20 йил аввал ва бугун
“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг 1991 йил январь ойида қўлбола “Демократик Ўзбекистон” газетасида ўзбек тилида ва февраль ойида Қозоғистон халқ ҳаракатининг расмий “Азат” газетасида рус тилида нашр этилган мақоласидан:

“Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида. Биз бунинг олдини ололмасак, халқимиз яна узун йиллар қулликда қолади. 30-йиларнинг фожеаси қайтарилади. Халқни ўз қонига ботиришади. Бу сафар бундай ишларнинг ташаббусчиси ва ижрочиси “ўзимизнинг” коммунистлар бўлишади.”

Абдураҳим Пўлатнинг шу кунларда “Ҳаракат” сайтидаги мақолаларидан:

“Мана мустақил диктатурада ўтирибмиз. Ҳозирги режимнинг мустаҳкамланишида “Бирлик”нинг митингларини “кўча чангитиш” деб баҳолаб, мухолифатни парчалаган Салой Мадамин билан биргаликда, бу воқеаларни кўриб туриб миқ этмаган ва бир хиллари очиқчасига, бошқалари индамасдан Ислом Каримни қўллаб-қувватлаган Обидхон Қори, Абдували Қори, Фарғона водийсидаги уч вилоятнинг имомлари ва бошқа кўплаб Ислом уламоларининг айби бор. Бу шунчаки айб эмас, бу миллат ва мусулмонларга нисбатан қилинган жиноятдир.

Аҳвол қанчалик оғир бўлмасин, ҳозир Ўзбекистонда мухолифатчилик фаолияти олиб боришга имкон бор. Ҳозир фақат “Бирлик” Партияси шу йўналишда бир нарсалар қилмоқда. Юрт ташқарисидаги мухолифатчилар мамлакат ичидагиларни қўллаб-қувватлаши, тўғрироғи, “Бирлик” Партиясига қўшилиши керак. Бошқа йўл йўқ.”

“Ҳаракат” таҳририятидан: Абдураҳим Пўлатнинг 20 йил аввалги башоратлари мутлақо ҳақ бўлиб чиққанини кўриб туриб, ҳозир айтаётган гаплари қанчалик тўғри эканлигини текшириш ниятидаги ақлсиз ўзбеклар ҳали ҳам бормикан?