21 July 2011
06:04 - Туркия Ғарбдан юз ўгиришни давом эттирмоқда
Янги парламет тарафидан яна Бош вазир этиб тайинланган Ражаб Эрдўғоннинг биринчи чет эл сафари Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятига бўлди. Кеча бу ерга келган Эрдўғон кескин гаплари билан Ғарбга, биничи навбатда, Европа Бирлигига ташланди.

Маълумки, Шимолий Қибрис Турк Жумҳурияти дунё тарафидан тан олинмаган. Дунё ҳам, ЕИ ҳам фақат юнонларнинг Қибрис Жумҳуриятини тан олади. Қибрис Жумҳурияти ЕИ аъзоси ҳамдир.

“Қибрисда бир эмас, иккита давлат бор, буни ҳамма тан олиши керак. Агар бу масала ечилмасдан, келаётган йилда Қибрис Жумҳуриятига ЕИда раислик топширилса, биз ЕИ билан алоқаларимизни, ЕИга аъзо бўлиш ҳаракатларимизни тўхтатамиз”, деди Эрдўғон.

Шимолий Қибрисга кетишдан олдин у яқин орада Ғазога ҳам боражагини эълон қилди. Ғазо Исрил тарафидан блокада қилинганини эътиборга олсак, бу қадам Исроил билан ҳам муносабатларнинг янада ёмонлашишига сабаб бўлиши ўз-ўзидан маълум. Ваҳоланки, бир неча кун аввал Туркияда бўлган АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон бу мамлакат раҳбариятига Барак Обаманинг Исроил билан алоқаларни тузатиш хусусдаги маслаҳатларини олиб келганди.

Хуллас, узоқ йиллардан бери Ғарбнинг фарватерида бўлган Туркия жаҳон саҳнастда ўзига яраша мустақил жой қидирмоқда. Аммо, бир саволнинг жавоби ҳали йўқ – Туркия ҳукуматининг мақсади Турк дунёси билан бирга бўлишми ёки умуман Ислом дунёси билан бирга бўлиш?