16 November 2006
04:00 -
20:00 - “Бирлик” Партиясининг навбатдаги хати Адлия вазирлигига топширилди 12:00 - Абдураҳим Пўлат: Озодлик радиосини ҳали боплаганим йўқ, аммо боплашимиз керак
20:00 - “Бирлик” Партиясининг навбатдаги хати Адлия вазирлигига топширилди

Бугун Адлия вазирлигига “Бирлик” Партияси номидан топширилган ва партия Бош котиби Васила Иноят томонидан имзолаган хатда Андижон воқеаларидан кейин тўхтаб қолган партияни рўйхатга олиш жараёнини охирига етказиш сўралади.

Бу хатда партиянинг аввалги аризаларига Адлия вазирлиги томонидан қонунларга асосланган жавоб берилмагани шундай ифодаланган:

“Биринчи. Қонунга кўра Адлия вазирлиги партияни ёки рўйхатга олиши ёки рўйхатга олишни рад этиши керак. Ваҳоланки, Адлия вазирлигининг 2005 йил 4 апрелдаги №15-302 сонли жавобида партия тарафидан берилган “ариза кўрилмай оқибатсиз қолдирилди” дейилган. Ўзбекистоннинг сиёсий партиялар қонунида ариза оқибатсиз аолдирилиши мумкинлиги кўзда тутилмаган.

Иккинчи. Вазирликнинг 2005 йил 4 апрелда “Бирлик” Партиясига берган жавоби вазирликники эмас, вазирликнинг бир бошқармасиникидир. Демак, шу нуқтаи назардан ҳам, партия ўз аризасига Адлия вазирлигининг жавобини олмаган, деб ҳисобланиши ўз-ўзидан маълум.

Учинчи. Вазирлик Бошқармасининг жавобида «Бирлик» Партияси аъзоларининг рўйхатидаги кўплаб кишиларнинг имзоси «алдов йўли билан сохталаштирилгани» иддао қилинади. Аммо, вазирлик ёзма ва оғзаки талабларимизга қарамасдан, бизга бу «сохта» имзолар эгаларининг рўйхатини бермаяпти. Кўринишидан, вазирлик Бошқармасининг қўлида ўз иддаосини исбот қиладиган юридик далиллар йўқ.

Айтилганлардан келиб чиқиб, «Бирлик» Партияси номидан Адлия вазирлигига берилган аризага жавоб олинмади деб хисоблаймиз ва вазирликдан қонунга кўра жавоб берилишини талаб қиламиз”.

“Бирлик” Партиясининг хати қуйидаги жумлалар билан якунланган:

“Шу кунларда Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан муносабатларни жонлантириш учун мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига оид аҳволнинг тузатилишини талаб қилиб қўйди. “Бирлик” Партиясининг рўйхатга олинмаслиги унинг минглаб аъзоларининг сиёсий ҳуқуқларини бузаётгани партиямиз фаоллари тарафидан Европа Иттифоқининг тегишли органларига билдирилган. Шундай бўлса ҳам, партиямиз конструктив позицияда туриб, Ўзбекистон билан алоқаларни демократик жараёнларни бошлаш эвазига тиклаш тарафдори бўлмоқда.

Шу сабабли ҳам "Бирлик" Партиясини расмий рўйхатга олиш масаласини тезда ижобий ҳал этишни сўрар эканмиз, бу нарса мамлакатимиз манфаатларига ҳам мос эканлигини алоҳида таъкидлаймиз”.

12:00 - Абдураҳим Пўлат: Озодлик радиосини ҳали боплаганим йўқ, аммо боплашимиз керак

13 ноябрь куни ёзилган бир лавҳамда (у билан сайтимизнинг 13 кунги хабарларида танишиш мумкин), бир кун аввал Озодлик радиосида 4 киши иштирокида бир мавзуни бахслашганимизни тилга олгандим. Мавзу Ўзбекистон конституциясига ўзгартиришлар киритиш таклифи ва партияларнинг роли тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси эди. Таклиф ва қонун лойиҳаси президент Каримов тарафидан киритилганини ҳамма билса керак.

Мен у ерда суҳбатнинг бошқа қатнашчиларини на Ўзбекистон конституциясини билмасдан ва на киритилган таклиф-лойиҳаларни ўқимасадан, яъни мавзуга оид элементар фактларни билмасдан радиоэшитувчиларга ҳурматсизлик қилишда, улар ўзларини ҳукуматнинг мухолифатчилари ўлароқ кўрсатаётганлари учун, мухолифатни обрўсизлантиришда айблаган эди.

Мен ўзим бу радиони эшитмайман, бир томондан, вақтим ҳам йўқ, иккинчи томандан биламанки, у ерда ўз касбини биладиган одамлар ишламайди, шу сабабли қизиқарли эшиттиришлар у ерда бўлиши мумкин эмас

Аммо, 11 ноябрда Тошкентда “Бирлик” Марказий Кенгашини ўтказганимиз сабабли, шу кунларда Ўзбекистонга одатдагидан ҳам кўпроқ телефон қилгандим. Жуда кўп ҳамкасбларим “Озодликни бопладингиз” деган маънода гапиришди. Ўтган асрнинг 90-йилларида “Бирлик” ва “Тўмарис” фаолларидан бўлган бир аёл, бу суҳбатни эшитиб актив сиёсатга қайтишини билдирибди. Мен у аёлни жуда яхши танийман. Вақти келиб унинг исмини ҳам очиқлайман, лекин бугун унинг ўзидан рухсат олмаганим учун исмини айтмаяпман.

Шундан кейин мен Озодлик радиосининг архивидан ўша кунги программани топиб, эшитиб кўрдим. Энг ҳайрон қолган нарсам, эшиттиришларда Ўзбекистонга алоқаси бўлмаган мавзуларга катта вақт ажратилгани. Унча-мунча одамда бу Тожикистон ёки Қирғизисонга мўлжалланган эшиттириш бўлса керак деган шубҳа пайдо бўлади.

Энг муҳими, амин бўлдимки, менинг аввалги лавҳамдаги хулосалар мутлақо тўғри. Каримов тарафидан киритилган таклифларни ўқимаган “Эрк” партияси 53-54-чилар фракциясининг раҳбари Салай Мадаминов, уни коммунистчасига мадҳ қилиш билан шуғулланувчи Тўлқин Қораев ва Хоразмлик Суҳрат Абдуллаев деган одамлар умумий гаплар билан ўзбек радиоэшиттурувчиларини лақиллатиш ва алдаш учун радиога чиқишган.

Каримов киритган таклифлар тўғридан-тўғри демократияни бўғишга қаратилган бўлса ҳам, бу шаввозлар “таклифлар яхшику, аммо улар жорий этилмайди, қоғозда қолиб кетади” деб ваъзхонлик қилдилар. Уларнинг мантиғига қаранг: Каримов яхши таклифлар қилмоқда, аммо улар амалга кечмайди. Бу тўғридан тўғри Каримовнинг тегирмонига сув қуйишдир. Чунки, у ҳам шундай демоқда: “Мен яхши қонунлар чиқартирмоқдаман, мамлакатни яхши бошқаришга интилмоқдаман, аммо уларни жойларда ҳаётга нотўғри жорий қилишмоқда, шу сабабли, яхши ишламаётган ҳокимларни ишдан олмоқдаман”.

Менинг ҳеч шубҳам йўқки, МХХга ишлаётган Озодликнинг журналисти Шуҳрат Бобожоновнинг мақсади ҳам шу эди. Ўзбек радиоэшитувчиларида Каримовнинг қонунлари яхшику, ижрочилар ёмон, деган фикр шакллантириш эди. Бу учта сиёсий саводсизнинг орасида менинг овозим эшитилмай қолади, деб ўйлаган бечора Шуҳратимиз.

Мен бугун радиодаги ўша суҳбатни эшитиб кўриб, яна бир карра амин бўлдимки, уларнинг режаларини бутунлай бузиб ташлабман. Озгина бўлса ҳам ақли бор одам тушунадики, мендан бошқа ҳеч ким гапираётган мавзусини билмайди.

Айни пайтда яна бир ўта муҳим нарсага ҳамманинг эътиборини қаратмоқчиман. Ўзини мухолифат тарафдори деб айтаётган бу 3 киши йиғи-сиғидан бошқа нарсани билишмасди. МХХ айнан шу сабабдан уларнинг тез-тез радиога чиқишларига имкон беради. Уларни эшитган радиоэитувчиларда “мухолифат йиғлашдан бошқа нарсани билмайдиган одамлар экан” деган хулоса шаклланади. Кимдир бу радиоларда ўзини мухолифатчиман деганларнинг йиғи-сиғисидан ташқари, реал мухолифат фаолияти ҳақида бирон сўз эшитса, менга хабар қилсин, мен бу радио ходимларидан ўз хатоим учун кечирим сўрайман.

Вақти келгани учун шахсий ҳаётимдан бир воқеани эслатмоқчиман. “Бирлик” энг кучга кирган йиллари менинг ҳаётим фақат у билан боғлиқ эди . Уйдан эрта саҳарда чиқиб, ярим кечаси қайтардим. Бир кун нима бўлдику, вақтли уйга қайтдим. Шунда 3 ёки 4 ёшли ўғлим Шуҳрат менга деди: “Ада, нега келдингиз, ҳали қуёш ботмадику”. Ўғлимда “ада дегани уйга қуёш ботгандан кейин келади” деган тушунча пайдо бўлган экан.

Худди шунга ўхшаб, Озодлик, ББС ва Америка Овозининг ўзбекча программалари ўзбек халқида “мухолифат чет эллик радиоларга чиқиб олиб, йиғи-сиғи қилишдан бошқа нарсани билмайдиган одамлар” деган тушунчани шакллантирмоқдалар.

Мен ҳамма ерда бу тушунчани бузишга ҳаракат қиламан. Йиғи-сиғи қилишни 15 йил аввал йиғиштирганман. 12 ноябрдаги суҳбатда буни бир неча марта такрорладим ва мавзуга боғлаб туриб, Озодликдаги МХХчиларнинг кўзини шамғалат қилиб, баъзи нарсаларни айтишга ҳаракат қилдим. Хусусан, биз Каримовнинг таклиф ва лойиҳаларидан марҳамат кутмаётганимизни, ўзимиз вазиятни ўзгартириш учун ҳаракатда эканлигимизни, куни кеча, аниқроғи, 11 ноябрда Андижон воқеаларидан кейин биринчи марта мухолифатнинг сиёсий тадбирини, яъни “Бирлик” партиясининг Марказий Кенгаши мажлисини, ҳукуматининг бутун қаршиликларига қарамасдан, очиқчасига ўтказганимизни, унда президентлик сайловларида қатнашиш масаласини муҳокама қилганимизни, бундан бир неча кун аввал партия раисининг ўринбосарлари Пўлат Охун ва Исмоил Дадажон Брюсселда Европарламент депутатлари билан кўришиб, Ўзбекистонда демократияни ривожлантиришда Ғарб бизга қандай ёрдам бериши мумкинлигини гаплашишганини айтиб ўтдим.

Ишонинг, мен бунга аввалдан тайёрланиб, атайлаб бу гапларни асосий мавзуга боғлиқ жумлалар ичига қўшдим, аммо МХХни, тўғрироғи, Шуҳрат Бобажоновни алдаб бўлмади. У мендан ҳам уста чиқди. Бугун радиони эшитиб билдимки, менинг сўзларимдан айнан шу жойлари кесиб ташланган. Офарин Шуҳрат, офарин МХХ!

Адолат учун яна шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда демократия қуриш учун мухолифат аввалги хатоларилдан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақидаги сўзларимни эфирга беришибди. Аммо, яна шундай деган эдим: “Вазиятни Каримовнинг таклифлари эмас, халқ ўзгартиради. Халқ ўз ҳақ ва ҳуқуқини талаб қилиб кўчаларга чиқмаса иш битмайди. Аммо ичимизда митинг қилиш кўча чангитишдир дейишгача борган ақлсиз одам бор. Агар унда ғурур деган нарса бўлса, ўзини осиши керак эди. Мен унинг осилишини истамайман, лекин у каби одамларни сиёсатдан улоқтирмагунимизча, қулликдан чиқолмаймиз”. Табиийки, халқни курашга чақурувчи бу сўзларим ҳам кесиб ташланганди.

Балки, Шуҳрат Бобожонов ўз ҳамқишлоғини шурмандаликдан қутқариш учун шундай қилгандир. Билмайман. Аммо, нима учундир, унинг ҳамма қилаётган ишлари Ўзбекистон ҳукуматининг истаги йўналишида. Булар ҳаммаси тасодифми?

Қисқа қилиб айтсак, шундай демоқчиман: Озодликни ҳали тўла боплаганим йўқ. Аммо боплашимиз керак, чунки у ерда яхшигина ниқобланган халқимизнинг душманлари, МХХнинг хизматкорлари ўтиришибди