24 April 2011
03:39 - Cамарқанднинг Оқдарё туманидаги ғалаён куч билан бостирилди
Бугун Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Янгиқўрғон посёлкасининг 100 нафарга яқин хотин-қизлари туман ҳокимлигининг аҳолига фойдаланиш учун берилган томорқаларни давлат заҳирасига қайтариш ҳақидаги қарорига нисбатан норозилик билдириб, кўчага чиқди, дейди Самарқанддаги мухбирларимиз. Улар бир соат атрофида Каттақўрғон-Самарқанд трактини тўсиб, автомобиллар ўтишига халақит беришга улгуришди. Тушга яқин Самарқанд вилояти ИИБ махсус отряди оломонни зўравонлик ишлатиб тарқатди ва унинг ташкилотчиларини тутиб кетди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида аҳоли фойдаланиши учун давлат заҳирасидан томорқалар берилган, ўз навбатида, одамлар бу ерларга рухсатсиз турар-жой бинолари, уй ва бошқа фойдаланиш муассасалари қурган. Энди эса ҳокимликлар мазкур ерларни давлат заҳирасига қайтариб, аҳолига унумдор бўлмаган, қаровсиз ерларни таклиф қилмоқда. Ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар учун твон пуллари тўланмас экан.

Айнан шу сабабдан ҳам бугунги каби ғалаёнлар рўй беряпти. Бундан бир муддат аввал Бухоро вилояти Жондор тумани Ойтуғди қишлоғида шундай воқеа содир бўлган ва сўнгра намойишчилар жазоланганди.