17 April 2011
21:45 - Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиши: Ҳамма нарса зўр, баъзибир камчиликлар бор, холос
15 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида жорий йилнинг бринчи чорагида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари кўриб чиқилганини хабар қилган ЎзА агентлиги, одатдагидек, биронта одамнинг, жумладан, Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг исмини ҳам тилга олмайди. Табиий, ҳаама нарсанинг раҳнамочиси бўлган Ислом Каримнинг номидан ташқари.

Йилнинг биринчи чорагидаги асосий натижалар қуйидагича. Ҳамма нарса яхши, ҳамма нарса ўсган. Масалан:

Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 7,6 фоиз,
Истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши 10,3 фоиз,
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг ҳажми 5,8 фоиз,
Чакана товар айланиши ҳажмининг ўсиши 13,1 фоиз,
Хизматлар кўрсатиш ҳажмининг ўсиши 12,6 фоиз.

Хуллас, ишларимиз зўр, миллатнинг фаровонлиги кун сайин ортиб келмоқда. Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда юз минглаб ўзбек мардикорлари йўқ

Табиий, арзимаган камчиликларимиз бор. Масалан, «O‘zeltexsanoat» уюшмаси, «Chirchiqqishloqmash», «Toshkent traktor zavodi» очиқ акциядорлик жамиятларининг раҳбарлари ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришмаган. Улар танқид қилинган, эрта-индин ишдан олинишса керак.

Кун тартиби бўйича вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, мамлакатнинг йирик корхоналари ва вилоят ҳокимликлари раҳбарлари сўзга чиққани айтилган хабарда, улардан биронтасининг исми ва конкрет гаплари тилга олинмайди.

Йиғилишда олдимиздаги “энг муҳим устивор вазифалар амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирлари белгиланган тегишли қарорлар” қабул қилинибди. Табиий, қарорлар моҳияти умумий шаклда бўлса ҳам ёритилмаган.