09 April 2011
22:50 - АҚШ Давлат Депаратаменти Инсон Ҳуқуқлари бўйича, ҳеч қандай фойдаси бўлмайдиган, 2010 йил ҳисоботини эълон қилди
Кеча Давлат Котиби Ҳиллари Клинтоннинг ўзи оммавий ахборот воситалари вакилларига жаҳоннинг нодемократик деб ҳисобланадиган ҳар бир мамлакати бўйича тайёрланган ҳисоботларни тақдим этди.

Авваламбор шуни айтиш керакки, дейди мухбиримиз, узоқ йиллардан бери давом этаётган бу анъана сўнгги йилларда ўз аҳамиятини йўқотиб бўлган ва бу ҳисоботлар билан ҳеч ким ортиқча қизиқмайди. АҚШ президенти Барак Обама ўзининг сайловолди компаниясини “Ўзгартир!” шиори остида олиб боргани сабабли, кўпчлик экспертлар АҚШ ўз ташқи сиёсатида ҳам муҳим ўзгаришлар қилади, инсон ҳуқуқлари бўйича тайёрланаётган ҳисоботлар тайёрлаш каби фойдасиз фаолиятлар тугатилади, бошқа самарали механизмлар яратиш устида иш бошланади, деб ўйлаганди. Аммо, АҚШда ҳеч нарса ўзгармади, ташқи сиёсатда ҳам.

Кеча эълон қилинган ҳисоботнинг Ўзбекистонга тегишли бўлими 30 саҳифа атрофида бўлиб, унда келтирилган мисолларнинг ҳаммаси ўз вақтида бизнинг сайтимизда ҳам эълон қилинган. Бу ҳисоботсиз ҳам Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини паймол қилиш бўйича дунёнинг 10 та энг ёмон мамлакатлари ичида эканлиги маълум эди. Буни бутун дунё билади. Хўш, нима бўпти? Ўзбекистонда сўнгги йилларда бирон ижобий ўзгариш бўлдими? Йўқ. Ҳукумат бирон ўзгариш қилмоқчими? Йўқ.

Ғарб учун бу масалада усулларни ўзгартириш вақти келди. Маълумки, ЕХҲТнинг 1999 йилда Истанбулда ўтказилган саммитида инсон ҳақлари масаласи мамлакатларнинг ички иши эмаслигини эътироф қилувчи махсус резолюция қабул қилинган. Демак, бошқа мамлакатлар, масалан, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ишларига тўғридан-тўғри аралашишга ҳақлари бор. Бу аралашиш механизмларини яратиш ва уларни ҳаётга жорий қилиш аллақчон келган.