24 September 2006
03:00 -
22:00 - Халқнинг бозори ва мозорига тегма! («Эзгулик» жамиятининг пресс-релизи, № 48, 24 сентября 2006) 20:30 - Мамлакатимизга Корея Бош вазири Хан Мёнг Сукнинг расмий ташрифи бошланди - МХХ ташкил этилганига 15 йил тўлди 18:00 - Тожикистонд
22:00 - Халқнинг бозори ва мозорига тегма! («Эзгулик» жамиятининг пресс-релизи, № 48, 24 сентября 2006)

Шу йил 23 сентябрь куни Ургенч шаҳар хокими Бахром Оллберганов раҳбарлиги ва Ургенч шаҳар ИИБнинг ходимлари иштирокида шаҳардаги барчага маълум бўлган буюм бозори ёпилган. Буюм бозорини ёпишдан кўзланган мақсад бозорда кундалик савдо билан кун кечирадиган тадбиркорларни пахта теримига жалб килиш эди. Айнан шу мақсад билан бозордаги ўнлаб хусусий ошхоналар ҳам беркитилган.

Тадбиркорларнинг тушига ҳам кирмаган бундай зўравонлик уларни жунбушга келтирган ва шу куни 100 дан ошиқ, асосий қисми аёлларни ташкил этган тадбиркорлар шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири Ал Хоразмий кўчаси тўсиб автомобил йўл ҳаракатини тўхтатиб қўйишган.

Айни шу пайтда бошқа яна бир катта таркибдаги тадбиркорлар вилоят ҳокимияти биноси қошида ўз норозиликларини баён этиш учун тўпланишган. 2 соат атрофида давом этган акция вилоят ҳокимлиги томонидан ижобий хал этилган. Вилоят хокими ва бошқа муттасади шахслар тадбиркорларнинг важоҳати ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини пайқаб буюм бозорини очиб беришга ваъда беришган. Тез орада ҳокимнинг ваъдаси бажарилган ва бозор ишга туширилган. Ошхоналарнинг ҳам фаолиятлари йўлга қўйилган.

Бугунги кунда сиёсий партиялардан ўз фаоллиги билан халқ ичига кириб бораётган, халқ дардини ўрганишга бошлаган Халқ демократик партиясининг Хоразм кенгашининг бир гурух фаоллари тадбиркор ва оддий фуқаролар билан бўлган учрашувлардан сўнг Хоразм вилояти раҳбарияти юқорининг олдида яхши кўриниш, мавқе ва манфаатларидан айрилиб қолмаслик йўлида ўйламай иш юритишлари билан Хоразм аҳли учун энг ноқулай, уларнинг шундоқ ҳам қийинчиликлар билан ўтказаётган кунларига оғир зарба беришдан ҳам ор қилмаётганликларига гувоҳ бўлишди ва бу ҳақдаги ўз хулосаларини билдиришга ваъда беришди.

Айнан Хоразм вилояти ҳокимининг оғзаки буйруғига кўра пахта терими 10 сентябрдан бошланиши режалаштирилгани, фермер хўжаликларнинг жуда катта зарар кўришларига сабаб бўлди. Сабаби сентябрь ойининг 15-16 кунларидаги Хоразмда бўлиб ўтган кучли сел ва ёғингарчиликлар пахта сортини пасайтириб юборди. Натижада фермер ва деҳкон хўжаликлар бу йил пахтадан фойда эмас, балки бўйниларида қарз билан йилни якунлайдиган бўлишди. Ҳокимнинг айби билан жуда катта иқтисодий зарар кўрган фермерларнинг вилоят ҳокимига қилган норозиликларидан керакли хулоса чиқармаган вилоят ҳокими зўравонлик билан фермерларнинг овозини бўғишга муваффақ бўлганди. Тадбиркорларнинг норозиликлари эса ҳокимнинг зўридан зўр чиқди шекилли халққа у ён босишга мажбур бўлди.

«Эзгулик» жамияти мамлакат раҳбаринингг диққат эътиборини нафақат Хоразм, балки барча вилоят раҳбарларининг фаолиятини назорат қилишга, муаммоларга жиддий ёндашишга ҳамда ўз мансабини суъистеъмол қилаётган раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўришга чақиради.

20:30 - Мамлакатимизга Корея Бош вазири Хан Мёнг Сукнинг расмий ташрифи бошланди

Бугун Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарда юрган Корея Республикаси ҳукумати раҳбари Хан Мёнг Сук Тошкентга қўнди. Меҳмонга шаҳар аэропортида Ўзбекистон ҳукумати расмийлари пешвоз чиқиб, тантана билан кутиб олди. Расмий визит мақомидаги бу ташриф давомида ҳукуматлараро келишувлар, ишбилармон доираларнинг учрашуви ўтказилиши кутилмоқда. Ташриф эртадан амалий тус олади. Корея Бош вазири Президент Каримов томонидан ҳам қабул қилиниши мумкин.

Расмий хабарга кўра, ҳозирда Корея ва Ўзбекистон давлатлари орасидаги ўзаро муносабатларни 60 дан ортиқ турли мақомдаги ҳужжатлар, келишувлар тартибга солади. Мамлакатлараро ҳамкорлик тўғрисида стратегик шартнома мавжуд. Корея Ўзбекистонга энг кўп сармоя киритган давлатлардан, унинг ҳажми бир миллиард доллардан ошади.

МХХ ташкил этилганига 15 йил тўлди

24 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати ташкил этилганига роса 15 йил тўлди. Бундан 15 йил муқаддам Президент Ислом Каримов айнан шу Хизматни ташкил этиш, аслида собиқ КГБнинг Ўзбекистон бўлимини мустақил муассасага айлантириш хусусидаги Фармонга имзо чекканди. Мазкур давр ичида Ўзбекистон МХХси ҳукуматнинг етакчи органи ва таянч нуқтаси айланди.

Аммо ҳалигача бу ташкилотнинг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳақида на бир ҳуқуқий норма, на бир меъёрий ҳужжат мавжуд. Ҳатто мамлакат конституциясида хам МХХ фаолиятига доир айтарли норматив банднинг ўзи йўқ.

18:00 - Тожикистондаги демократ партиялар президент сайловини бойкот қилмақчилар

Русларнинг “Новости” агентлиги хабар беришича, Тожикистон демократик партияси ва Тожикистон социал-демократик партияси яқинда, 6 ноябрда бўладиган президент сайловларини бойкот қилишга қарор қилганлар. Уларнинг фикрича, мамлакатнинг сайловга оид қонунларида жиддий камчиликлар бор, бугунги шароитда ҳокимият бу камчиликлар ва маъмурий имкониятлардан фойдаланиб, Рахмоновни осонликча президент қилишга эришшолади. Шунинг учун, сайловларда иштирок этишнинг фойдаси йўқ.

Бу партиялар қайси йўллар билан курашни давом эттиришлари ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

13:30 - Абдураҳим Пўлат: Бундан 17 йил аввал шу соатларда

Аввалги хотираларимда эслатганимдек, “Бирлик”нинг 1989 йил 10 сентябрга режалаштирилган 100 минг кишилик митинги ҳукуматнинг ўйинлари натижасида қолдирилган эди. Ҳукумат митингни қолдиртириш учун берган ваъдаларини бажармагач, биз 24 сентябрда яна митинг чақиришга қарор қилдик. Аввалги митинг қолдирилгани учун, энди одамларни ишонтиришимиз қийин бўлишини билардик. Аммо, не чора, хатоларни тузатиш лозим эди.

Митингнинг бошланиш вақти ўлароқ соат 12 кўрсатилган, жойи эса, табиий, Тошкентнинг Ленин майдони эди. Соат 12 ларда мен бу ерга келганимда метронинг Ленин майдонига чиқиш тарафи беркитилган, майдон милиция билан ўралган, Ленинг проспектида милиция тўла автобуслар турарди. Одамлар Ленин проспектининг қарши тарафида, Ватан жамияти билан Навоий кутубхонасининг ўртасидаги майдонда тўпланабошладилар. Менинг бу ерда биринчи кўрган одамим, буни худди ҳозирдагидек эслайман, ёзувчи Мамадали Маҳмудов эди. Бирпасда бу ер ва атроф минглаб митингчилар билан тўлди. Метронинг чиқиш жойидаги мармар деворчалардан минбар сифатида фойдаланиб, митингни бошлаб ҳам юбордик.

Мен ва бошқа нотиқлар ўзбек тилининг аҳволи, пахта теришга чиқмаслик, армияда ўзбек ёшларининг аҳволи каби масалаларни гапирабошладик. Шаҳар ижроия комитетининг раиси Шоиноят Шоабдураҳимов ва милиция раҳбарлари ҳам шу ерда эдилар. Мен ўзим турган баландликдан кўриб турардимки, ҳам Новоий кўчаси ҳам ҳозирги Амир Темир ҳиёбони томондан тинимсиз одамлар оқими келарди. Бироздан кейин бу ер бизга торлик қилиб қолишини тахмин қилиш қийин эмасди. Шундай бўлгандан кейин, Ленин майдонини очиб беришни тараб қилмоқчи эдик.

Шаҳар раҳбарлари биз билан мулоқатга кириб, митингни Талабалар шаҳарчасида ўтказишга рухсат беришларини айтишди ва бунга рози бўлсак, одамларимизни у ерга етказиш учун керагича автобус берилишини билдиришди. Биз маслахатлашиб бунга рози бўлдик. Мақсадимиз ҳукумат билан керак бўлган ҳолларда келишиб ишлашга тайёр эканлигимизни кўрсатиш эди. Бундан ташқари, аввалги митинг қолдирилгани сабабли, бу сафар жуда кўп одам келмаса керак деб ҳам ўйлаганмиз.

Кейин мен одамларга мурожаат қилиб, ҳаммани Навоий кўчасининг майдон тарафида турган автобусларга ўтиришга чақирдим ва ҳазил аралаш шундай қўшимча қилдим: “Бу ҳукуматга тўла ишониб бўлмайди, автобуслар Талабалар шаҳарчасига эмас, район милиция бўлимларига йўл олиши мумкин. Шу сабабли аввал бироз яёв юрайлик, кейин автобусларга ўтирамиз”.

Митингчилар менинг чақириғимни ўзларича тушунишди. Ҳеч ким автобусларга ўтирмади ва минглаб кишилар кўчани тўлдириб яёв йўлга тушдилар. Сайтимиздаги “Можара” фильмини кўрганлар эътибор берсинлар, Навоий кўчасидан бошлаб кейин Беруний проспекти орқали давом этган муҳташам намойиш айнан шу – 1989 йил 24 сентябрдаги митингнинг шаҳар марказидан Талабалар шаҳарчасига кўчишидир.

Ўзбек халқининг тарихида бундай намойиш бўлмаган, яқин орада бўлмаса ҳам керак. “Озодлик”, “Ҳуррият”, “Ўзбек тили – давлат тили” шиорлари остида ўн минлаб кишиларнинг юриши – бизнинг халқ, миллат эканлигимизни кўрсатувчи энг гўзал мисоллардан биридир. Ўша ва у каби митинг ва намойишларнинг кучи билан тилимиз давлат тили мақомини олган.

Беруний проспектининг Талабалар шаҳарчасига яқин қисмининг бироз ичкарисидаги маҳаллада истиқомат қулувчи келинимиз ўша куни қуйидагиларни айтиб берганди: “Рўзғор ишлари билан овора эдим. Ҳовлимиз остидан сал нарида метро йўли ўтгани сабабли, баъзида, айниқса кечалари, ҳамма ёқ жим-жит бўлган вақтда ер остида метри поезди ўтса, титраши бироз сезиларди. Аммо куппа-кундуз куни ер остидан қандайдир тушуниб бўлмайдиган товуш келаётганини эшитиб хавотирга тушдим. Товуш кучайгандан кейин кўчамизга, кейин Беруний проспектига югурдим ва кўзларимга ишонмадим. Ерни титратиб, охири кўринмайдиган намойишчилар колоннаси келарди. Бақирилаётган шиорлардан дарҳол тушундим, бу “Бирлик”нинг митинги эди. Кўчанинг икки бети ҳам тамошога чиққан одамлар билан тўлиб кетди. Ўша дақиқаларда ҳамма ўзбеклигидан фахрланарди”.

Раппа-расо 17 йил аввал шу дақиқаларда мен ҳам ўзбеклигимдан фахрланиб, ўша намойишчилар қаторида борардим. Ҳаммамиз ҳайқирардик - Озодлик, Ҳуррият…

Бу шиорлар ҳали ҳам актуал. Бугун тиз чўкиб турган ўзбек ҳалқи ҳали оёққа қалқади ва яна ҳайқиради - Озодлик, Ҳуррият…

9:00 - Саидбурхон Қодиров реанимациядан оддий палатага ўтказилди

“Бирлик" Партияси Бухоро вилояти ташкилоти раиси Саидбурхон Қодиров умумий терапия бўлимига ўтказилгани ҳақида 15 сентябрда берган хабаримиз нотўғри бўлиб чиққанди. Бугун “Эзгулик” раиси Васила Иноятнинг Бухоролик ҳуқуқ ҳимоячиси Шухрат Ғаниевга асосланиб билдиришича, Саидбурхон Қодиров ниҳоят оддий палатага ўтказилган. У гапиришга бошлаган, уй овқатларини емоқда. Шуҳратнинг ўзини палатага киритишмаган, аммо у Саидбурхоннинг ака-укалари билан учрашиб, касалнинг аҳволи ҳақида маълумот олган.