11 March 2011
04:35 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Нурчилар жазоланди, лекин унинг ҳомийлари ҳамон Ўз ТВда ўтирипти”
Хабарингиз бор, ўтган йилнинг 6 декабрь куни “Yoshlar” телерадиоканалида эфирга узатилган “Фитна ниқоби” номли кўрсатувда “Нурчилик” оқимига алоқадор шахслар аъзолири боплаб “дўппосланди”.

“Кўрсатувни кузатарканман, собиқ ҳамкасбимиз, “Нурчилик” оқимига алоқадорликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган ва айни пайтда қамоқда ўтирган ҳамкасбимиз Ҳамза Жумаевнинг қиёфаси ўтди кўз ўнгимдан”, дейди “Yoshlar” телерадиоканалидаги манба. “Агар эсингизда бўлса, бундан бир-икки йил олдин ҳам Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг барча телеканалларида, хусусан, бизнинг “Yoshlar” телерадиоканалида ҳам “Нурчилар” оқимига оид кўрсатув эфирга узатилган ва мазкур кўрсатувда Ҳамза Жумаев ҳам “Нурчилар” гуруҳининг аъзоси сифатида интервью берган эди.

Айтмоқчи бўлганим, майли ЎзМТРК истаганича “Нурчилар”ни кўрсатувлар орқали “калтаклайверишсин”. Бунга ҳеч бир эътирозим йўқ. Бироқ, гап шундаки, бирор бир олий ўқув даргоҳи, коллеж, лицей ёки корхона, ё ташкилотдан “Нурчилар” оқимига алоқадор фуқаро топилгудек бўлса, ўз-ўзидан маълумки, мазкур муассаса раҳбари албатта, беэътибор ва лоқайдлиги сабабли жибовгарликка тортилади, жилла бўлмаса, ўз лавозимидан четлатилади. Бу барча юртдошларимизга аён.

Бироқ, мени ҳайрон қолдирган нарса шундаки, мен Ҳамза Жумаев билан бир сафда фаолият юритганман. Ҳамза Жумаев ўзининг “Yoshlar” телеканалида тайёрлаб, бир йил давомида эфирга узатган “Акс-садо” ток-шоусида енг ичида “Нурчилар” оқимининг мақсад ва муддаоларини тарғибот ва ташвиқот қилиб келганди. Ҳамза Жумаев “Нурчилар” оқимига алоқадорлиги ошкор бўлган куниёқ, Ҳамза томонидан тайёрланиб эфирга узатилган мазкур ток-шоу ҳуқуқ идоралари томонидан текширилгудек бўлса, ўзининг ҳам “кети очилиб” қолишидан ҳавфсираган “Yoshlar” телерадиоканали директори Хайрулла Нуриддинов ўша куннинг ўзидаёқ собиқ бош режессёр Алишер Парпиевга “Акс-садо” ток-шоуси тасвирга туширилган кўрсатувларнинг барча кассеталарини йўқ қилишга фатво берганди. Ўз навбатида А. Парпиев Нуриддиновнинг кўрсатмасига асосан “Акс-садо”нинг барча кассеталарини ўчириб, “жиноят изини” йўқ қилиш билан машғул бўлганди ўшанда.

Қолаверса, Ҳамза Жумаев ТВда бир неча бор “айлантирилган” ўша кўрсатувда бераган интервьюсида “Мен “Нурчилар” оқимига оид матреалларни “Yoshlar” телерадиоканалида монтаж қилганман ва эфирга узатиш масаласини раҳбариятдан (яъниким, директор Хайрулла Нуриддиновдан) илтимос қилганман, бироқ у рози бўлмади” деган эди. Гап шундаки, Х. Нуриддинов Ҳамзанинг таклифини рад этган эмас, улар мазкур кўрсатувни эфирга узатиш борасидаги “соққа” масаласида келиша олмагандилар, аслида. Ана шу сабаб, Ҳамза телеканалимизнинг монтажхоналарида монтаж қилган “Нурчилар” гуруҳининг фаолиятига бағишланган кўрсатув ва ведиоролигини эфирга узатаолмасдан армонда қолган эди.

6 февраль куни эфирга узатилган “Фитна ниқоби” кўрсатувда ““Нурчилар” оқими Ўзбекистоннинг ҳукумат идораларининг раҳбарлик лавозимларига ўзларининг таъсири остида камол топган ёшларни қўйиш ва шу йўл орқали Ўзбекистон ҳукуматини қўлга олишни режалаштирган” деган иддао илгари сурилди. Демоқчи бўлганим, эркатойи Ҳамза Жумаевга ҳомийлик қилган ва “Нурчилар” оқимининг мақсад муддаоларига оид материалларни “Yoshlar” телерадиоканалида монтаж қилишга кенг имконият яратиб берган директоримиз Хайрулла Нуриддинов ҳам аслида “Нурчилар”ни қўлловчи ва шу оқим орқали ҳукуматга кўз тиккан шахслардан бири сифатида айбдор деб топилиши лозим эди. Бироқ, афсуски, зари ва зўри устунлик қилган Нуриддинов жавобгарликдан осонгина қутилиб қолган, қонун тўрига наҳанг балиқ четда қолиб, яна бир чўртан илинган эди.

Орадан икки йил ўтар ўтмас Нуриддинов жаноблари уялмай нетмай ўзи кенг қучоқ очиб кутиб олган “Нурчилар” оқимини танқид тиғига олувчи махсус кўрсатув тайёрлашларига амр қилганига куясизми энди? Бу билан Нуриддинов нима қилмоқчи бўлди? Ўтмишдаги гуноҳини ювмоқчи бўлдими, ёки ўз хато ва гуноҳларини яна бир бор оммага эслатиб қўймоқ истадими? Бир нарса дейиш қийин. Қиссадан ҳиса шуки, “Yoshlar” телерадиоканалининг директори Хайрулла Нуриддинов-ку, “Нурчилар”ни кўрсатув орқали боплаб урдику-я, бироқ, “Нурчилар”га маслакдош бўлган бу арбобчани адабини бериб қўядиган мард ҳам бормикин ҳукумат раҳбарларининг орасида? Менга ана шу нарса қизиқ!

Дилдора ХОН