20 February 2011
12:37 - Мисрда 1996 йили тузилган партия эндигина рўйхатга олиниб, 220 сиёсий маҳбус озод қилингани ва Ўзбекистон билан ўхшашликлар
Бу мамлакатда мавжуд режимга мухолиф бўлган “Васат (Марказ) Партияси 1966 йилда тузилган бўлиб, шу вақтгача тўрт марта расман рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилган, аммо фақат юқорининг кўрсатмаси билан ишлайдиган давлат муассасалари, тўрт марта унинг аризасини рад этишган экан.

Кеча бу партия 15 йиллик курашдан кейин рўйхатга олинди, деб хабар беради Reuters агентлиги. Партиянинг асосчиси Абду Элела Маду бу воқеани мамлакатда бошланган демократия шамолларининг натижаси, деб баҳолабди.

Айни замонда, ҳокимиятдаги ҳарбийлар мамлакатдаги 487 сиёсий маҳбусдан 222 нафари дарҳол озод қилинишини эълон қилдилар. Табиий, бу ҳам демократия шамолларининг натижасидир.

Эслатиб ўтиш керакки, дейди мухбиримиз, Ўзбекистондаги воқеалар ҳам Мисрдагилардан қолишмайди. Масалан, “Бирлик” халқ ҳаракати таркибида 1990 йили тузилган Бирлик партиясининг рўйхатдан ўтиш учун олиб борган кураши олдида Мисрдаги партиянинг тарихи неч нарса эмасдир.

Адлия вазирлигидан биринчи рад жавобини 1991 йил ноябрь ойида олган Бирлик партияси масалани Олий Судгача олиб чиқди, партияни рўйхатга олиш масаласи билан, партия лидери Абдураҳим Пўлатнинг сайтимизда ҳам эълон қилинган хотираларига кўра, Тошкентга расмий ташриф билан келган АҚШ Давлат Котиби Жеймс Бейкер ҳам жалб қилинди. Аммо, бу партиядан ўтдан қўрққандек қўрққан Ислом Карим уни рўйхатдан олишга рухсат бермади.

“Бирлик” Партияси 2003 йилда қайтадан ташкил қилингандан кейин, рўйхатдан ўтиш учун янги босқичдаги кураш бошланди. Адлия вазирлиги унинг аризаларига 4 марта рад жавоби берди. Бу жараён ҳалигача расман битмаган. Аммо, ахир бир кун битади, “Бирлик”нинг ғалабаси билан битади.