15 January 2011
04:41 - “Мусават” Партиясида (Озорбайжон) нималар бўлмоқда?
Мухолифатга яқин мустақил нашрлар жим турар экан, расман мустақил ҳисобланса ҳам, аслида, Озорбайжондаги мавжуд режимники бўлган “Тренд” агентлиги мухолифатдаги “Мусават” Партияси ичида бўлаётган гўёки парчаланиш воқеаларини завқ-шавқ билан ёзмоқда.

Бу агентликка кўра, “Мусават” Партиясининг раҳбариятидан бир неча киши ва уларни қўллаб-қувватловчи ўнлаб оддий аъзолар партиядан чиққанларини эълон қилишган. Улар партия раҳбариятини Озорбайжон Халқ Жабҳаси Партияси билан бирлашиш ҳақидаги келишувларни бажармасликда, шу йўл билан мухолифатнинг бирлашишига тўсиқ бўлишда айбламоқдалар эмиш. Демак, улар ҳақиқий бирлашиш тарафдорлари. Шундай сиёсатчиларнинг фаолиятини режимнинг қўғирчоқ нашрида ёритилиш мантиғини тушуниш мумкинми? Йўқ. Демак, партия ичида бошқача жараёнлар кетмоқда.

Кўринишидан, “Мусават” Партияси ичида Илҳом Алиев режимини қувонтирадиган парчаланиш бўлмоқда, бўлувчиларни рағбатлантириш мақсадида режимнинг нашри бу хусусда бонг урмоқда.

Аслида, моҳияти билан бир-биридан фарқ қилмайдиган “Мусават” ва Озорбайжон Халқ Жабҳаси партиялари биринчи қадамда бир партияга бирлашиши ва сўнгра, ёмғирдан кейинги қўзиқорин каби кўпайиб кетган, сони 50-60 га бориб қолган майда партиячаларни ўз ичига тортиши керак. Маълумки, бу партиячаларнинг баъзибирлари ҳукумат тарафидан яратилган ва уларнинг асл мақсади – мухолифатнинг бирлашишига йўл бермаслик. Қолганлар бирлашса, бу партиячалар тезда шарманда бўладилар.

Аммо, бундай бирлашиш осон бўлмаслигини Ўзбекистон мухолифати мисолида ҳам кўриб турибмиз.