23 September 2010
00:09 - Бола меҳнати пахта пайкалидан пойтахт маҳаллаларигача келди! (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №28, 21.09.2010 йил)
Дунёдаги энг ёвуз ишлар гўзал шиорлар остида амалга оширилади - Сенека

Тошкент шаҳар ҳокимининг фармойиши билан 2010 йилнинг 15 сентябридан 15 октябригача пойтахтимизда “Кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, туманлар ҳудудининг санитар ҳолатини яхшилаш” ойлиги деб эълон қилинди. Мазкур ойлик юзасидан ишлаб чиқилган тадбирлар режасида кўпқаватли уйлар, маҳалла, мавзе ва кўчаларни тозалаш сингари қатор кундалик оммавий ҳашарлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Шаҳар ҳокимлигининг маъмурий қисмларидан бири бўлган Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси ҳамда унинг туманлардаги бўлимлари мазкур ҳашарларга мактаб ўқувчиларини жалб қилиш ҳақида қарорлар қабул қилишган ва жамиятимизга бундай ҳужжатларнинг бир қанчаси келиб тушди. Уларда макатаб ўқувчиларининг ўзлари яшаётган ҳудуддаги уйлар, хонадонлар йўлаклари, йўлларнинг тозалиги учун маъсул қилингани ҳақида кўрсатмалар мавжуд.

Маълум бўлишича, мактабларда бу қарорлар кечадан бошлаб кучга кирди ва ҳозирда юзлаб хонадонларнинг йўлакларини тозалаётган, ахлатхоналарни тартибга келтираётган, қўлларида супурги, челак тутган болаларни кузатиш мумкин. Мактаб муаллимларига кўра, қишлоқ жойларида болалар пахта тирими сингари оммави ҳашарларга кўмак бераётган бир пайтда пойтахтлик болаларнинг бу тадбирга жалб қилиниши ижобий ҳолдир. Тарбиявий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда болаларни ихтиёрий-мажбурий ҳашарларга жалб қилиш бола психологиясининг ижобий томонга ўзгаришига, фойдали меҳнат кўникмасининг шаклланишига олиб келади. Қолаверса, бу ҳокимлик томонидан берилган буйруқ, катта ёшдаги кишилар ободонлаштириш ва кўкалмзорлаштириш ниятидаги эзгу амалларнинг аҳамиятини сезмаётир.

“Дунёдаги энг ёвуз ишлар гўзал шиорлар остида амалга оширилади” дейди мутафаккирлардан бири. Ўқитувчилар, шаҳар ҳокимлиги маъмурияти оддийгина қилиб айтаётган, уларнинг истаги, иродаси қоғозларга кўчиб, буйруққа айланган мазкур жараён халқаро ҳуқуқий ибора билан аталса “бола меҳнати экспулатацияси” дейилади. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистон ҳукумати ҳам мазкур экспулатациянинг ҳар қандай турини таъқиқлаш ҳақидаги Конвенцияни ратификация қилган, миллий қонунлар ишлаб чиққан. Ана шу ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятига кўра, бола мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслиги лозим, унинг меҳнатидан фойдаланиш таъқиқланади. Бинобарин, мактаб маъмурияти, туман ХТБ, шаҳар ҳокимлигининг болаларни ҳашарга жалб қилиш, уйлар, йўлак ва маҳаллалар тозалиги учун уларни маъсул қилиш ҳақидаги кўрсатмалари (мисол учун, Сергели туманидаги 300-мактаб директори томонидан имзоланган буйруқни келтириш мумкин) мавжуд экан, бу бола меҳнати экспулатациясидан бошқа нарса эмас. Қолаверса, пахта плантацияларида қул сифатида ишлатилаётган ўқувчилардан ахлат тозалаётган, гўзал шиорлар ортидаги қора меҳнатни елкасига ортмоқлаган болаларнинг нима фарқи бор?!

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакат Бош прокуратурасини Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасининг оғзаки ва ёзма кўрсатмаларини тафтиш қилиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини эса болалар меҳнатини эксплатация қилишга қаратилган буйруқ, норматив акт ва бошқа меъёрий ҳужжатларни бекор қилишга чақиради. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий изоҳ беришини сўрайди.