05 September 2010
12:43 - Корейслар сув текинга сотиб олинган “Чорсу” меҳмонхонасини реконструкция қилиб, фойдасини чўнтакка урадилар
Вазирлар Маҳкамасининг шу йил июль ойида қабул қилинган “Собиқ “Чорсу” меҳмонхонаси асосида замонавий меҳмонхона комплекси яратиш бўйича лойиҳани битириш чоралари” номли қарорига мувофиқ, корейсларнинг “Daegeon Global Co. Ltd” ширкати меҳмонхонани реконструкция қилиш ишларини 2012 йилнинг 1 сентябригача тамомлаши керак.

Қарор корейсларнинг шикатига бир қатор имтиёзлар берибди. Масалан, реконструкция ишларини тайёр чертежлар асосида лойиҳа-ҳаражат ҳужжатларининг тайёр бўлишини кутмасдан бошлаш мумкин. Ҳужжатлар 2011 йилнинг 1 январигача битирилиши лозим. Айни замонда, бу имтиёз қаршисида корейслар ширкати учун оғир бўлган шартлар бор. Масалан, агар маҳмонхонани олиш-сотиш шартномаси корейсларнинг айби билан бузилса, улар шу кунгача қилган ишларининг ҳаражатлари Ўзбекистон мулк қўмитаси фойдасига қолади.

Юқоридаги жумлалардан тушунса бўладики, корейсларнинг ширкати маҳмонхонани сотиб олишга ҳам улгурган. Маълум бўлишича, “Daegeon Global Co. Ltd” шикати “Чорсу” маҳмонхонаси комплексини 2007 йилнинг 28 сентябрида имзоланган шартномага бўйича сотиб олган экан. Ҳар ҳолда, ўша Ўзбекистон мулк қўмитасидан сотиб олган бўлса керак. Сотиб олиш нархи ҳам маълум – 7 млн АҚШ доллари. Реконструкция учун корейслар 28 млн доллар инвестиция қилишмоқчи.

Қаранг, Вазирлар маҳкамаси корейслар олдига гўёки оғир шартлар қўйган, лекин меҳмонхона аллақачон корейс ширкатига сув текинга сотиб бўлинган экан. Айнан шу сабабли, корейслар катта инвестиция қилиб, бундан буён меҳмонхонадан олинадиган фойдани Кореяга орқалаб кетаверишади.

Ўзбекистонда бундай катта инвестицияларга кучи етадиган ўзбеклар йўқку, меҳмонхона уларга сотилса, дейдиганлар топилиши мумкин. Албатта, калласи коммунистчасига ишлайдиган президент Ислом Карим тиш-тирноғи билан ўзбек бойлари пайдо бўлмасин деб курашар экан, секин-аста бутун Ўзбекистонни чет элликларга сотиб юбориш эҳтимоллиги ортаверади.

Дарвоқе, бойлардангина инвесторлар чиқиши мумкинлигини Ислом Карим ҳеч қачон тушуниб етмаса керак.