28 August 2010
06:27 - Dow Jones юқорига сакраб, сўнги ҳафталарнинг ютқизиқларини қисман қоплади
Ўтган куни Нью-Йоркдаги фондлар бозорининг асосий кўрсатгичи Dow Jones индексининг абсолют миқдори психолигик марра деса бўладиган 10 мингдан пастга тушиб, 9985,81 га тенг бўлганини билдирган ва бу тушиш қисқа вақт давом этадими, ёки иқтисодий-молиявий инқирознинг, баъзи экспертлар башорат қилганидек, иккинчи тўлқини бошландими, деб савол қўйгандик.

Бу саволнинг жавоби тезда келди. Кеча Dow Jones асосан ортиб бориб, Нью-Йорк биржаси ёпилган соатда унинг абсолют миқдори 10,150.65 га тенг бўлди. Яъни индекс 164,84 га ўсди, бу 1,65% демакдир.

Бундай ўсишнинг сабабларидан бири сифатида АҚШ Федерал Резерв (америкаликлар Марказий Банкни шундай деб аташади) президенти Бен Бернанкенинг мамлакат иқтисодининг ўсиши ва бундан кейин олинадиган тадбирларга доир эҳтиётлик билан айтилган ижобий таҳлиллари кўрсатилмоқда.