21 August 2010
12:46 - Ислом Каримни мазах қилиш навбати Қирғизистоннинг хўжайини Азимбек Бекназаровга келибди
Халқаро майдонда ҳеч қандай обрўси қолмаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримнинг устидан кулиш оддий нормага айланмоқда.

Яқинда Тошкентга келиб кетган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой, Ислом Карим унга Тошкент марказида қурилган Халқаро анжуманлар саройи билан мақтанганини назарда тутиб, “Биз шаҳар қурмоқдамиз, у бизни бир бино билан ҳайрон қолдирмоқчи бўлди” дегани қозоқларни роса кулдирганди. Энди Ислом Карим ва ўзбеклар устидан кулиш Қирғизистоннинг қўғирчоқ раҳбари Роза Отунбаева ва бу мамлакатнинг ҳақиқий хўжайини Азимбек Бекназаровга келибди. Дарвоқе, бу хонимни қўғирчоқ деб айтиш учун етарлича далиллар бор. Қирғизистоннинг ҳақиқий хўжайини Вақтли ҳукумат раҳбарининг ўринбосари деб ҳисобланадиган Азимбек Бекназаров эканлигини эса Ислом Каримдан бошқа ҳамма билиб бўлган.

Қирғизлар Ислом Карим устидан кулишни чиройли спектакль шаклида ўтказдилар. Аввалига, ўзбекларнинг Қирғизистондаги пойтахти Ўшнинг ҳокими, ўзбекларни оммавий қирғин қилиш жараёнларининг тўғридан-тўғри раҳбари Мелис Мирзакматовни гўёки лавозимидан олиниш учун Бишкекга чақирилди деган гап тарқатилди. Шу билан анчадан бери писиб қолган қирғиз экстремистларини қайтадан оёққа турғазиш учун баҳона яратилди, олдин юзлаб, кейин минглаб қирғизлар шаҳар марказида митинг ўтказиб, Мелис Мирзакматовнининг орқага қайтарилишини талаб қилдилар. Ўзбеклар қирғинининг отаси Мелис Мирзакматовнининг обрўси кўкларга сапчиди.

Кеча, яъни митингларнинг учинчи куни, ўзбеклар қирғинининг бош раҳбари Азимбек Бекназаров Ўшга Мелис Мирзакматов билан бирга келиб, уни митингчиларга тақдим қилди. Ўзбекларнинг бу ердаги лидерининг ҳам таклифи билан яқинда “Қирғизистон Қаҳрамони” деб эълон қлиниши кутилаётган Мелис Мирзакматов Ўзбекистон президенти устидан очиқча кулишдан ўзини тўхтатолмади.

У митинг қатнашчилари олдида шундай деди: “Бишкекда мени ишдан олинишимни Ислом Каримов талаб қилаётганини айтишди. У киши ҳаммамизнинг отахонимиз, у бундай қилиши мумкин эмаслигини барчага тушунтирдим. Мана бу ерга Азимбек Бекназаров ҳамроҳлигида қайтиб келдим”.

Табиий, у “Ўзбекларни қирғин қилаётганимизда жим турган Ислом Каримов энди оғиз очишга ҳаққи йўқ?” демабди. Аммо, Ўшнинг марказини боғга айлантирман деб, у еда яшайдиган ўзбекларни ҳайдаб чиқаришга ҳозирлик кўрилаётганини рус матбуотига берган интервьюсида очиқча гапирибди.

Эслатиб ўтамиз, Азимбек Бекназаров Қурмонбек Боқиевнинг ашаддий душмани, Мелис Мирзакматов эса унинг ашаддий тарафдори. Аммо, ўзбекларга қарши улар бирлашдилар. Энг қизиғи, ўзбекларни алдаб, қатағонга дучор қилдилар, бу баҳонада иккига бўлинган қирғиз халқини бирлаштириб, референдум ўтказиб олдилар. Энду уларга ўзбекларнинг ҳеч кераги йўқ. Ислом Карим устидан ҳам кулавериш мумкин. Кечагина Роза Отунбоевага телефон қилиб, биз ўзбекларнинг қирғин қилинаётгани билан ишимиз йўқ, референдум ўтказиб олиш учун ўзбек қочқинларини қайтариш керак бўлса, буни бир кунда бажараман деб ваъда берган ва ваъдасини бажарган Ислом Карим бугун бошқача ашула айтишга бошласа, унинг устидан ҳали кулмаганлар ҳам кулишга бошлайди.