13 July 2010
23:29 - Бишкекда қирғизча масхарабозлик: Олмосбек Атамбаев Вақтли ҳукуматдан кетди, лўттибозликда Ислом Каримдан ҳам ошди
Куни кеча Москвадаги феълан хўжайини Владимир Путин билан кўришиб келган Қирғизистон Социал-демократик партиясининг раиси, Қирғизистон Вақтли ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Олмосбек Атамбаев бугун ўз вазифасдан истеъфога чиқиш ҳақида Қирғизистондаги шефи, Вақтли ҳукумат раиси, айни пайтда Қирғизистон президенти деб ҳам эълон қилинган Роза Отунбоевага ариза берибди. Қизиғи шундаки, Роза Отунбаева ҳам яқингача шу партиянинг аъзоси, партиянинг мамлакат парламентидаги фракциясининг раиси эди. У Вақтли ҳукуматга раис бўлгач, гўёки тарафсизлигини кўрсатиш учун партиядан истеъфога чиққан.

Масхарабозликни қаранг, Олмосбек Атамбаев яқиндагина ўз партиясининг аъзоси, кейин партиядан истеъфога чиқиш ҳақида ўзига ариза бериб, Вақтли ҳукуматда раҳбари бўлган Роза Отунбоевга ариза ёзиб, ўзини истеъфога чиқаришни сўрабди. Бу лўттибозларнинг қайсибири қайсибирининг раҳабари ва қайсибири қайсибиридан истеъфо сўраганини тушуниш учун анчагина вақт керак.

Атамбаев ўз аризасида яқинда бўладиган парламент сайловларида бошқалар билан тенг имкониятларга эга бўлиш, сайловларнинг адолатли бўлишини таъминлаш учун Вақтли ҳукуматдан кетаётганини айтибди. Ҳозир Қирғизистоннинг мутлоқ раҳабари Роза Отунбаева яқингача Олмосбек Атамбаев раҳабарлик қиладиган партиясининг аъзоси эканлигини ҳисобга олсак, бу сайловлар қанчалик адолатли бўлиши устидан бундай сайловлар ўтказишда устаси фаранг бўлиб кетган Ўзбекистон президенти Ислом Карим ҳам кулса керак. Хуллас, масхарабозликда қирғизлар биздан олдинга ўтиб кетишаётганини тан олиш керак.

Дарвоқе, Ислом Каримнинг қизларидан бири бирон ерга сайланмоқчи бўлса, қирғизлардан ўрганиб ва сайловларни адолатли қилиш учун отасининг қизи мақомидан истеъфога чиқсагина, Ўзбекистон масхарабозликда яна биринчи ўринни қайтариб олиши мумкин.