13 March 2006
04:00 - 23:30 - Фанлар Академиясига янги раҳбар тайинланди - Козим Тўлаганов банкка пул "қўймоқда"
23:30 - Фанлар Академиясига янги раҳбар тайинланди

Бугун, 13 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра, Шавкат Салихов Ўзбекистон Фанлар Академияси Президенти этиб тасдиқланди. Президентнинг матбуот хизмати тарқатган хабарга мувофиқ шу йилнинг 10 мартида Фанлар Академиясининг Илмий кенгаши томонидан бу рутбага лойиқ кўрилган Шавкат Салихов Биоорганик кимё илмий текшириш институти директори лавозимида ишлаб келган.

Козим Тўлаганов банкка пул "қўймоқда"

Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Козим Тўлагановнинг пойтахтдаги Ипотека банкига бугун 260 миллион сўм пул топшириши тергов кўрсатмасига кўра видега олинди, деди мухбиримизга банкнинг Накд пул бўлими ходимларидан бири. Маълум бўлишича, унинг устидан жиноий иш қўзғатган Ўзбекистон Прокуратураси мазкур пулларни прокуратуранинг банкдаги ҳисоб рақамига мажбурий равишда қўйдиртирмоқда. Собиқ ҳоким шу йўл билан фаолияти давомида давлатга етказган моддий зарарларни қоплаши лозим экан. Шу пайтга қадар бир миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги нақд пулни Козим Тўлаганов номидан унинг укаси ҳамда куёви топширишган.

Банк ходимига кўра, пулларни шахсан собиқ ҳокимнинг ўзи топшириши лозимлиги ҳақида юқоридан кўрсатма бўлган ва бу холат тасвирга олинган. Яқин кунларда, дейди мухбиримиз, Козим Тўлагановнинг хизмат мавқеини суиистеъмол қилгани, Президентнинг юксак ишончини оқламаганини лавҳа ёки мақола шаклида оммавий ахборот воситалари оркали кўрсак керак. Унда бугун тасмага олинган воқеа ҳам жой олса ожаб эмас.