03 June 2010
21:40 - Украина НАТОга даъвогарликдан воз кечиш учун биринчи қадам қилди
Бугун Олий Рада биринчи ўқишда президент Виктор Янукович тарафидан киритилган “Ички ва ташқи сиёсатнинг асослари” номли қонуннинг лойиҳасини қабул қилди.

Бу қонун лойиҳасига кўра, Украина Евроатлантика хавфсизик системасияга интеграция бўлиш ва НАТОга киришдан воз кечади. Айни замонда, Украина ҳеч бир блокка кирмайдиган Европа давлати сифатида ҳамма манфаатдор тарафлар билан ҳамкорлик қилади, ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий уюшмаларга кирмайди.

Бу қонунда Россия билан яқинлашиш, феълан Россия раҳбарлик қиладиган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига киришга имо-ишора қилинмаган. Аксинча, Украина ҳеч қандай блокка кирмаслиги, унинг КХШТга ҳам кириш нияти йўқлигини кўрсатгандек туюлади. Аммо, дейди “Ҳаракат” мухбири, бу - жорийдаги ҳукуматнинг айёрлигини кўрсатгичидир, холос. Ҳозирги босқичда унинг асосий мақсади – зарғолдоқчилар замонида асосий шиорга айланган евроинтеграция ғоясидан воз кечишни қонунлаштиришдир. Руслар билан ҳарбий-сиёсий иттифоқлар қуриш режалари кейинги босқичларда ўртага отилади.

Бугун Олий Радада бу қонун лойиҳаси учун Регионлар Партиясининг 171, коммунистларнинг 27 ва социалистларнинг 19 депутатидан ташқари, зарғалдоқчиларнинг 33 депутати ҳам овоз берибди. Уларнинг 23 нафари Юлия Тимошенко блокидан, 10 нафари собиқ президент Виктор Юшченко ва собиқ Ички ишлар вазири Луценко раҳбарлик қилган собиқ “Бизнинг Украина-Халқ Мудофаси” блокидан.

Демак, зарғалдоқчиларнинг эриши давом этмоқда. Йил бошида ўтказилган президент сайловидаги мағлубиятдан кейин ҳалигача ўзига келолмаган зарғалдоқчиларнинг келажаги ҳали маълум эмас. Улар бир партияга бирлашсаларгина ўзларини сақлаб қола оладилар.