02 June 2010
03:25 - Имомали Раҳмон Ислом Каримнинг усулини ўзига қарши қўлламоқда
Россияда тирикчилик қилаётган тожик меҳнат муҳожирларининг Умумроссия жамоатчилик ҳаракати Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга Тожикистонга кетаётган вагонларни тўсмаслик талаби билан чиққан. Вагонларда инсонпарварлик юклари ортилган бўлиб, вагонлар дарҳол бўшатиб юборилиши керакмиш. Ислом Карим Тожикистон Альюмин заводи фаолиятини тўхтатиш учун сурхондарёлик талабалар иштирокида акциялар ўтказган бўлса унинг шогирди Имомали Раҳмон “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” номли бирор таъсир кучига эга бўлмаган ташкилотни ишга солмоқда. Ўхшашликни қаранг!

Мардикорларнинг мактубида қуйидаги сатрлар бор: “Бугун ўзбек-тожик чегараларида, Хатлон вилоятидаги селдан зарар кўрган оилалар учун юборилган дори-дармон, озиқ-овқат, қурилиш ва ёнилғи маҳсулотларидан иборат тахминан 1000 юк вагони ушланиб қолган. Душанбе йўналиши бўйича эса, яна 1200 дан ортиқ вагон Ўзбекистон ҳудудида қолиб кетмоқда. Биз тожикистонлик меҳнат муҳожирлари сиз президентдан бу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилишинигизни сўраймиз”.