26 May 2010
20:48 - “Зеромакс” атрофидаги гаплар: Қароқчини ўғри урмоқчи
Швецарияда рўйхатдан ўтган “Зеромакс” ширкатининг устида қора булутлар пайдо бўлгани, тўғрироғи, унинг бошқарувчиси Миродил Жалолов шу йил 3 мартда қамалгани ҳақида биринчи бўлиб бизнинг сайтимиз 5 март куни Тошкент вақти билан эрталаб 11:42 да хабар берди. Шундан бери бу ширкат ҳақида ҳангомалар кўпайиб кетди.

“Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати ҳозиргача шу воқеани дунёнинг биринчи даражали янгиликлардан бири деб ҳисоблаб, бу мавзу атрофида катта эшиттиришлар тайёраб юради. Бугун бу радионинг қозоқча хизматининг русча программаси (шунақаси ҳам бор) сайтида “Зеромакс” атрофидаги ҳеч бир тасдиғи йўқ гаплардан иборат катта мақола пайдо бўлди. У эфирда ҳам берилган бўлса керак.

Бу мақолада Ислом Карим билан Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўртасида қандайдир келишмовчилик, ҳаттоки рақобат пайдо бўлгани, Ислом Каримнинг ўрнини олишга ҳозирланаётган Шавкат Мирзиёев ўзига рақиб сифатида “Зеромакс”нинг хўжайини бўлмиш президентнинг қизи Гулнорани кўриб, уни йўқ қилиш ҳаракатига тушиб қолгани иддао этилади. Шу йўналишда иш бошлаган Шавкат Мирзиёев “Зеромакс”ни йўқ қилаётган эмиш.

“Озодлик”нинг ўзбекча ва қозоқ хизматининг русча программаларини эшитган одамда Ўзбекистон – диктаторнинг лайчаси диктатор билан курашадиган даражада эркинликларга эга бўлган мамлакат экан, деган хулоса пайдо бўлади. Табиий, бундай одам аҳмоқ бўлса.

Аслида, русларнинг бир таъбирига кўра, жавоҳирлар қутиси осонгина очилади.

Катта ўғри, яъни, қароқчи бошқарадаган ҳар қандай структурада майдароқ ўғрилар тиқилиб ётади. Вақти-вақти билан қароқчи ўз атрофини ҳаддан ошиб кетган ўғрилардан тозалаб туради. Ўғри вақтида қочиб қутилса яхши, акс ҳолда.... Дарвоқе, ҳамма диктатрорлар ҳам шундай профилактика ишлари ўтказиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Яъни, диктатор истаб қолгани куни, Мирзиёевнинг жойи Тоштурмада бўлади.

Бир маҳаллар Гулноранинг қўлида Фарҳод Иноғомбоев исмли катта ўғри ишларди. Профилактика машинасининг ичига тушиб қолганини сезиши билан АҚШга қочиб қолди, ҳатто мухолифатчиликка даъво қилиб ҳам юрди, кейин писиб кетди.

Энди профилактика машинасига Миродил Жалолов тушиб қолибди. Иш каттароқ бўлгани сабабли, профилактика ҳам каттароқ ўлчовда бўлаётганга ўхшайди. Балки, қароқчилар Миродил Жалоловга “қўшиб” қароқчилик рамзига айланган “Зеромакс”нинг ўзидан ҳам қутилиб олишмоқчи. Гулнора учун бундай “Зеромакс” - сувни бойликка айлантирувчи жўмраклардан бири, холос.

Аммо, Миродил Жалолов учун бу ҳаёт мамот масаласи. У Фарҳод Иноғомбоевдан фарқли ўлароқ охиригача курашмоқчи, шекилли. Лекин, у бечора номи тилган олинган радиоларда уюштирган эшиттиришларини эшитадиган одам йўқлигини, қолаварса, “Озодлик” каби радиоларнинг минбар сифатида замони ўтгани, ҳозир минбар мухолифат эканлигини билмайди.

Шундай бўлса ҳам, у энг камида бир нарсага эришди, деб ҳисоблаш мумкин. Яъни, ўзбекнинг мақолида ўғрини қароқчи ургани айтиларда, энди қароқчини ўғри урмоқчи эканлигини кўриб турибмиз.