12 May 2010
13:07 - Муҳаммад пайғамбарнинг карикатурачиси Ларс Викс яна ҳужумга учради
Итнинг танасига пайғамбарнинг бошини улаб расмлар чизган швециялик карикатурачи Ларс Вилксни ўлдириш ниятида фитна уюштиришда айбланиб, Ирландияда 7 киши ҳибсга олингани ҳақида шу йил 10 мартда хабар бергандик. Ўша куниёқ, бу воқеага муносабат билдириш, сўз ва ифода эркинлиги принципларини қўллаб-қувватлаш мақсадида учта Швеция газетаси - Dagens Nyheter, Expressen ва Sydsvenska Dagbladet – яна пайғамбарнинг кариктураларини чоп этишганди.

Бу карикатуралар атрофидаги воқеалар битмаслиги маълум эди, шундай бўлмоқда ҳам.

Кеча Швеция пойтахтидан 70 узоқликдаги Аппсала шаҳри университетида яна Ларс Викс иштирокида янги можаролар бўлди. Тахминан 20 ёшли мусулмон ёшлар гуруҳи шу Университетда лекция ўқишга келган Ларс Виксга қарши норозилик намойиши уюштирди, деб хабар беради Associated Press агентлиги. Намойиш тинч ўтган ва 260 киши қатнашган лекция ҳам ҳеч қандай муаммосиз бошланган.

Аммо, Ларс Викс ўз лекцияси давомида Эронли бир санъаткорнинг мусулмонлар ичидаги гомосексуалликни кўрсатувчи фильмдан фрагментлар кўрсатишга бошлаганида, лекция қатнашчилари ичида бўлган ёш мусулмонлар жанжал бошлашган.

23 ёшли Anders Montelius исмли студентнинг айтишича, мусулмонлар ва Муҳаммад пайғамбарни гомосексуал вазиятларда кўрсатувчи кадрлар экранда пайдо бўлганда бақириш-чақириш бошланган, биринчи қаторда ўтирган йигит Ларс Виксга ҳужум қилиб, унинг кўзойнагини синдирган. Фуқаро кийимидаги полиция ходимлари тезда, 10-15 секунд ичида, жанжалнинг олдини олишган, ҳатто кўз ёшартирувчи аччиқ газ ҳам ишлатишган.

Университет расмийлари лекция тўхтатилганини эълон қилишганда, лекция қатнашчилари ичида бўлган мусулмонлар “Оллоҳу Акбар” деб бақиришган.