20 April 2010
03:40 - Қирғизистонда яна бир хавфли нуқта – месхет турклари яшайдиган Маёвка қишлоғи
Асосан месхет турклари яшайдиган қишлоқда чиққан тартибсизликларда икки киш ўлгани Қирғизистон хабарларида айтилса ҳам, тартибсизликларнинг асосида миллий қарама-қарашлик ётгани ҳеч тилга олинмаяпти. Тўғрисини айтса, биронта миллатнинг номи тилга олинмасдан хабарлар тарқатилмоқда.

Узуқ-юлуқ хабарлардан тахминан тушуниш мумкинки, асосан Бишкекдан келган қирғиз ёшлари шаҳар яқинидаги месхет турклари қўлида бўлган 700 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлар. Келганлар билан шу пайтгача ер эгалари деб ҳисобланганлар ўртасида чиққан тўқнашувларда икки киши ўлган. Ярадорлар бор, аммо уларнинг сони айтилмайди.

Бишкекдаги 7-8 апрель воқеалари давомида тузилган дружина раҳбарлари ҳаммани огоҳ бўлишга, дружиначиларни кечаси шаҳар кўчаларига чиқиб, шаҳарни Маёвкадан келиши мумкин бўлганлардан сақлашга чақирмоқдалар. Улар ҳам месхет турки сўзини ишлатишмаётган бўлса-да, яна тахмин қилиш мумкинки, ўлганлар месхет турклари бўлган ва маёвкали ёшлар кечаси қасд олиш учун шаҳарга ҳужум қилишлари кутилмоқда.

Қайтариб айтамиз, хабарларда миллий низо эмас, фақатгина ер талаши бўлаётгани ҳақида айтилади. Лекин, воқеаларнинг умумий кўриниши биз тахмин қилаётгандек бўлганга ўхшайди.