22 March 2010
14:41 - Обама АҚШни ўзгартириш бўйича берган ваъдаларини бажариш йўлида биринчи жиддий ғалаба қозонди, соғлиқни сақлаш системаси ислоҳот қилинади
Бир неча соат аввал, маҳаллий вақт билан якшанба кечқурун АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси – Вакиллар Уйи соғлиқни сақлаш системасини ислоҳот қилиш қонунини қабул қилди. Бир йилдан бери аввал демократлар ичида, сўнгра республикачилар билан олиб борилган жанг деса бўладиган музокара-муҳокамалар битди.

Барак Обама маъмуриятнинг соғлиқни сақлаш системасини ислоҳат қилиш лойиҳасига кўра, тиббий суғуртаси бўлмаган 42 миллион америкалик энди суғуртага эга бўлади. Бу қонун лойиҳасининг танқидчилари айтаётгандек, ростдан ҳам, АҚШнинг тиббий системасидаги ёввойи капитализм элементлари камаяди, Европа мамлакатларининг соғлиқни сақлаш системасига етралича сингдирилган социалистик принципларни эслатувчи элементлар жиддий бичимда ортади. Ростдан ҳам жиддий, чунки, соғлиқни сақлаш системаси АҚШ иқтисодининг 1/6 қисмига тенг.

Қонун фақатгина соғлиқни сақлаш соҳасига маблағ ажратиш билан чегараланмайди, балки, иш эгаларини ва соғлиқ суғуртаси ширкатларини ўз фойдаларини камайтириш ҳисобига оддий одамларга ёрдам беришга зўрлашни кўзда тутади. Бунинг учун иш берувчи ширкатлар ва суғурта ширкатларини бераётган ёрдамлари учун моддий рағбатлантириш билан бир қаторда, ўз ишчиларининг соғлиғини ўйламаётганларни моддий жазолаш механизмлари бор.

Маслан, шу пайтгача, 21 ёшдан кичикларгина ота-онасининг суғуртаси доирасида тиббий хизмат олиш ҳаққига эга эдилар. Айниқса, студентлар учун бу оғир вазият яратар эди. Энди бу ёш 26 га чиқарилди. Демак, 26 ёшгача болалар ота-онасининг суғуртасига кирадилар, суғурта ширкатларининг олаётган фойдаси, табиий, камаяди.

Иккинчи мисолни тушуниш учун АҚШнинг соғлиқ суғуртаси ҳақида баъзи нарсалар билиш керак. Ишлаётган одамлар учун соғлиқ суғуртаси ишхона тарфидан берилади ва ишхона ойлик суғурта тўламасининг ярмидан кўпроғини ўзи тўлайди, қолган қисмини ишчининг ойлигидан ушлаб қолади. Кичик корхоналарнинг кўпчилиги шу пайтгача ўз ишчиларини соғлиқ суғуртаси билан таъмин этмасдилар ва бунинг учун ҳеч қандай маъсулиятлари йўқ эди. Янги қонунга кўра, 50 кишидан ортиқ ишчиси бўлган ширкат ўз ишчисига соғлиқ суғуртаси бермаса, у ҳар бир ишчиси учун 2 минг доллардан жарима тўлайди. Табиий, бундай шароитда ширкат учун суғурта бериш фойдали бўлиб қолади.

Яна бир муҳим нуқта. Энди даромади оз бўлган, яъни, камбағал оилалар учун ҳукумат тиббий суғурта сотиб олиб беради. Аввал бундай амалиёт йўқ эди. Табиий, камбағаллик нима эканлиги АҚШнинг бошқа қонунлари билан белгиланган. Давлат берадиган бир кишилик суғорта йилига $10,830 ва 4 кишилик оила учун $22,050.

Соғлини сақлаш системасини бундай ислоҳот қилиш секин-аста медицинанинг сифатини, собиқ социалистик мамлакатларда бўлгани каби, пасайтиради деган фикрлар ҳам бор. Аммо, АҚШ демократик ва динамик давлат, агар ростдан ҳам шундай хавф юзага чиқа бошласа, керакли тадбилар олинади, янги қонунлар чиқарилади.

Эслатиб ўтиш керак, қонун аввалроқ Сенатда ҳам тасдиқланган эди. Энди президент имзоласа, у дарҳол кучга киради. Бу қонунни Конгрессдан ўтказиш учун баъзи чет эл сафарларини ҳам бекор қилган Барак Обама, уни тезда имзолаши муқаррар. Аммо, Сенат ва Вакиллар Уйи тарафидан қабул қилинган вариантлар бир-биридан жиддий фарқ қилса, у қайтадан Сенатга кетади.

Бу қонунга қарши чиқаётганлар ҳам етралича бор. Кеча конгрессменлар овоз бериб бўлиб Конгресс биносидан чиқишар экан, бир гуруҳ пикетчилар уларнинг баъзиларига туфуришдан ҳам тоймадилар.