14 February 2010
20:55 - Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарага янги тўсиқ қўйдими ёки йўқ?
11 февралда “Озодлик” радиосига асосланиб, ўзбек чегарачилари Қирғизистон фуқароларини Ўзбекистон ҳудудига уч ойда бир марта ўтказиш тартибини жорий қилишгани ҳақида хабар бергандик. Бу радио ҳам ўз маълумотини Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизматининг ходими Салқин Абдиқариевага асосланиб берганди.

Бугун русларнинг РИА «Новости» агентлигиЎзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг ходими Раззоқ Шаймардоновнинг ўзбек-қирғиз чегарасида бундай тартиб ўрнатилмагани ҳақидаги сўзларини тарқатди.

Адолатли бўлиш учун шуни таъкидлаш керакки, Қирғизистон расмийси ҳам бу янгиликни фуқаролардан тушаётган ариза хатларидан билишганини айтади, яъни янги тартиб ҳақидаги маълумот ҳали текширилмаган эди.

Бошқа тарафдан, Ўзбекистон расмийлари учун ёлғон гапириш оддий ҳол эканлигини ҳисобга олинса, мамлакатимиз МХХчилари (чегарачилар уларга бўйсинишади) янги тартиб ўрнатишган ва бу воқеа катта резонанс берганидан кейин, ўз қарорларини ўзгартиришган бўлишлари мумкин.