28 January 2010
05:38 - Сирғали суди Чориевларга энг кам маошнинг 130 баравари миқдорида жарима солди
Бироз кечикиб олинган хабарга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Қашқадарё вилояти бўлими фаоли Ҳасан Чориевнинг ноқонуний чет элга чиқиш ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузишда айбланаётган фарзандлари Ботир Чориев ҳамда Азиза Саидова энг кам иш ҳақининг 130 баравари (4 898 400 сўм) миқдорида жаримга тортилди. Бу ҳақда қарор қилган жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди судьяси Ш. Ашрапова бу жазонинг қонунда кўрсатилган миқдоридан ҳам пастлиги, суд енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ботир Чориев ва Азиза Саидова 2005 йилдан бери АҚШ берган сиёсий бошпана эвазига мазкур мамлакатда истиқомат қилган ва ўтган йил кузида мамлакатга келган. Авиация милицияси уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 223-моддаси (Чет элга чиқиш ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш) бўйича айб қўйганди.