14 January 2010
03:17 - Туркия бош вазири Ражаб Эрдўғон Москвада нималар қилди
Кеча Москвага келган Туркия бош вазири Ражаб Эрдўғон аввал рус ҳамкасби Владимир Путин, кейин Россия президенти Дмитрий Медведев билан учрашди. Табиий, Медведев билан учрашув фақат протокол учун эди. Икки тарафни қизқтирган масалалар Эрдўғон-Путин учрашувида тилга олинди. Россия ва Туркия матбуотидаги хабарлардан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми ўтган йили 35 миллард доллар бўлибди, жаҳон иқтисодий кризиси туфайли, бу рақам ундан олдинги йилга нисбатан 35 фоиз кам. Эрдўғон бу рақамни 4 йилда 100 миллиардга чиқариш умидини билдирганда, Путин 5 йил деб тузатибди. Яъни, 100 млд ҳозирча хаёл холос.

Россия Туркия-Арманистон алоқаларини тиклашда сўзда ёрдамчи бўлишни айтса ҳам, амалда ҳеч нарса қилмоқчи эмас, чунки, Россия бу конфликтда феълан Арманистон тарафида.

Икки мамлакат ўртасида визаларни бекор қилиш масаласи гаплашилмоқда, аммо аниқ бир муддат айтилмаган. Эрдўғон бу хусусда Медведевнинг шу йил ёзга режалаштирилган Туркия зиёрати пайтида шартнома имзолашга умид билдирди. Лекин, кўринишидан, руслар бунга шошаётгани йўқ.

Россия Туркияга атом электростанцияси қурушда ёрдам бермоқчи. Бу хусусда бугун Путин ва Эрдўғоннинг иштирокида бошланғич шартнома ҳам имзоланди.

Россия Европага газ ташийдиган “Жанубий Оқим” қувурини Туркия территориал сувлари орқали ўтқазмоқчи. Туркия бунга ҳали аниқ жавоб бергани йўқ, аммо ижобий жавоб бермоқчи.

Икки мамлакат ўзаро тўловларни долларда эмас, рубль ва турк лирасида қилишни ўйлашмоқда.

Хуллас, икки мамлакт ўртасида дўстона алоқалар ўрнатилаётгандек. Аммо, бу руҳ қанча вақт давом этиши номаълум. Чунки, Туркияда Россия ичидаги Татаристон, Бошқирдистон ва Чувшистон каби жумҳуриятларни мустақил давлат сифатида кўришни истаган сиёсий кучлар бор.