09 January 2010
11:33 - Йўловчи учоқни портлатишга ҳаракат қилган террорист устидан суд бошланди
25 декабрдан 26-чига ўтар кечаси Делта ширкатининг Амстердам-Детройт учоғини портлатишга ҳаракат қилган нигериялик террорист Умар Фарук Абдумуталлаб (сўнги хабарларда унинг исми шундай ёзилмоқда) устидан АҚШнинг Мичиган штатида суд бошланди. Унга бомба портлатишга интилиш, 289 йўловчини қасддан ўлдиришга интилиш, оммавий қирғин қуролини ишлатиш каби олти моддали айбнома қўйилган.

Биринчи куни фақат айбнома ўқиб эшиттирилган ва айбланувчидан уни тушунганини тасдиқловчи сўзи эшитилган . У ”айбномани тушиндингизми?” саволига бир оғиз инглизча ”Ҳа” дебди. Сўнгра унинг адвокати сўз олиб, ўз ҳимоясидаги киши ҳамма айбномаларни рад этишини билдирибди.

Шу билан суднинг биринчи мажлиси тугатилиб, номаълум муддатга танаффус эълон қилинган.

Айбномага кўра, Умар Фарук Абдумуталлаб ўта хавфли жиноятчи, у учоқни портлатишга ўз ишини устаси каби тайёрланган. Унинг кийими остидаги бомбанинг таркибида триацетон трипероксид (TATP) и тетранитрат пентаэритрит (PETN) каби кучли портлатувчи моддалар бўлган.