24 December 2009
21:52 - Беш нафар уйғур Урумчидаги тартибсизликларда иштирок этиш айби билан ўлимга маҳкум қилинди
Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасининг тамомийла Пекинга бўйсунадиган суди тарафидан 5 уйғур ўлимга маҳкум қилинди. Улар шу йил июль ойида хитойликлар билан уйғурлар орасида чиққан қонли тўпалонларда иштирок этиш ва бировларнинг мулкини талон-тарож қилишда айблангандилар. Шу билан ўлимга маҳкум қилинган уйғурларнинг сони 22 га чиқибди.

Маълумки, ўша тўпалонларда 200 киши ҳалоқ бўлган. Уларнинг мутлақо кўпчилиги хитойликлар бўлгани Пекинга қўл келди. Уйғурларнинг мустақиллик курашига мудҳиш зарба берилди.

Бир нарсани тушуниш керакки, уйғурлар фақат Хитойнинг демократиялашиши туфайлигина ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклашга ва мустақилликка эришишлари мумкин. Демак, бунинг учун уйғурлар демократик йўллар билан кураш олиб боришлари, бундан ҳам муҳими, хитойлик демократлар билан ҳамкорлик қилишлари лозим.