07 December 2009
13:46 - Озори-ўзбек диктаторларининг дўстлиги ахборот воситаларида ҳам ўз аксини топмоқда
Илҳом Алиевнинг мухолифатга муносабати, ўзбек режимбошисининг мухолифатга тоқатсизлигига нисбатан бироз юмшоқ бўлса ҳам, моҳиятан улар айни қолипдаги кишилардир. Бу ўхшашлик икки мамлакатнинг расмий матбуотида ҳам ўз аксини топаётгани эътиборга лойиқ. Мана навбатдаги бир мисол.

Малумки, Ислом Каримнинг ҳар бир йилга қандайдир шиор бағишлаш одати бор. Йиллар ўтиб, бу шиорларга ҳатто ўзбеклар ҳам эътибор бермай қўйганлар. Амма, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, Ўзбекистон президенти келаётган йилни “Баркамол авлод йили” деб эълон қилди ва 2010 йилда фаровонлик кўлами яна-да ортиб, фуқаролар бахтиёр бўлиши ҳақида эртаклар сўзлашга бошлади.

На қўшни мамлакатларда, на Россияда, на узоқдаги бошқа ўлкаларда ҳеч ким бу “оламшумул” воқеага эътибор бермади. Ва тўғри қилди.

Аммо, Озорбайжоннинг Тренд агентлиги бу ҳақда хабар берар экан, Ислом Каримнинг ўтган шанбада Конституция куни муносабати билан ўтказилган йиғилишдаги нутқидан иқтибослар келтириб, бу нутқни озори ўқувчиларга катта бир воқеадек тақдим қилди.

Бир оғиз сўз билан айтсак, Озорбайжон матбуоти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга қиладиган ташрифига тайёргарчиликни бошлади.

Энди навбат - Ўзбекистонда. Эрта-индин мамлакатимиз матбуоти Озорбайжон тупроқларининг сал кам 20 фоизи Арманистон ишғоли остида бўлса ҳам, уларни озод қилиш учун ҳеч нарса қилмаётган Илҳом Алиев тупроқдан кўра озориларнинг ҳаётини юқори баҳолайдиган улуғ инсон эканлигини мадҳ этувчи мақолалар чоп этишга бошласа, ҳайрон бўлмаслик керак. Чунки, қарға қарғанинг кўзини чўқимайди.