05 December 2009
16:34 - Пермда “ўйиндан” ўт чиқди, 100 дан ортиқ инсон нобуд бўлди
Ҳамма биладиган ўзбек мақолининг биринчи қисмини ишлатиб, ҳеч кимниннг устида кулиш ниятимиз йўқ. Россиянинг марказида бўлган бу воқеа – инсонийлик фожеасидир.

Рус оммавий ахборот воситаларининг охирги соатлардаги асосий хабари – Пермь шаҳридаги “Чўлоқ от” (“Хромая лошадь”) номли тунги клубда чиққан ёнғин ва унинг натижасида 100 дан ортиқ кишининг ҳалоқ бўлиши, ундан ҳам кўп одамнинг оғир аҳволда касалхоналарга ётқизилиши ва уларнинг бир қисми бу оламдан кўз юмиши муқаррар эканлигидир.

Хабарларда айтилишича, бу тунги клуб ўзининг етти йиллигини нишонлаб, асосан ўз ходимлари ва уларнинг яқинлари ҳамда меҳмонлар иштирокида 4-чи декабрдан 5-чига ўтар кечаси байрамона маросим ўтказаётганда, ўйин-кулги авжига чиққан пайтда ёнғин чиққан. Оловнинг жуда тез ёйилиши натижасида тунги клуб бутунлай ёниб битган. Шу дақақаларгача 100 дан ортиқ кишининг ўлгани, ундан ҳам кўп одамнинг каслахоналарга оғир аҳволда ётқизилгани билдирилди.

Россиянинг Фавқулодда ҳолатлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлари Сергей Шойгу, Рашид Нургалиев, Татьяна Голикова президент Дмитрий Медведевнинг топшириғи билан Пермга келиб, қутқариш ишларига раҳбарлик қилмоқдалар. Махсус учоқларда бошқа жойлардан докторлар олиб келинмоқда. Оғир яраланганларнинг бир қисми Москвага олиб кетилмоқда.

Бир қаватли бинода жойлашган тунги клубда бундай даҳшатли воқеанинг юз бериши ақлга сиғмайди. Ёнғиннинг сабаби мушаклар бўлган ҳам аниқланган. Клубнинг икки эгаси топилган, улар ҳибсга олингани ҳам билдирилмоқда. Россия бўйлаб бу каби жойлар хавфсизлик нуқтаи назаридан тафтиш қилишга бошланган.