02 December 2009
10:45 - Обама Афғонистонга қўшимча 30 минг аскар юборади, НАТОдан 5-10 минг аскар юборишни сўрайди
Кеча маҳаллий вақт билан кечқурун соат (Тошкент вақти билан - бугун эрталаб соат 6 да) Нью-Йоркдаги West Point Ҳарбий Академиясида миллатга мурожаат қилган АҚШ президенти Барак Обаманинг мақсади Афғонистонга нисбатан олиб борадиган янги сиёсатини ўз халқига ва дунёга эълон қилиш эди. Оқ Уй тарафидан атайлаб оммавий ахборот воситаларига сиздирилган турли маълумотлардан янги стратегиянинг асосий параметлари кўпчиликка аввалдан таниш эди. Обама уларни расмий мақомга боғлади холос.

Катталиги билан унча-мунча стадиондан қолишмайдиган Эйзенхауэр залида Академия курсантлари билан тўла эди. Давлат Котиб Ҳиллари Клинтон ва Мудофаа вазири Роберт Гейтс ҳам залда ҳозир бўлишди. Ҳозиргина тамом бўлган 35 дақиқалик Обаманинг нутқидаги асосий нуқта – Афғонистонга қўшимча 30 минг кишилик қўшин жўнатилиши.

АҚШ президенти нутқининг қолган қисмида ўз мамлакатининг хавфсизлигини таъминлаш учун Афғонистон ва Покистонда Ал-Қоида ва Толибонни тор-мор қилиш зарурлигини, бунинг учун америкалик аскарлар қурбонлар бериш эвазига бўлса ҳам бу урушни олиб боришлари ва ғалаба қозонишлар шартлигини гапирди.

Маълумки, Борак Обама шу кунларда Европага боради ва НАТОнинг саммитида бу ҳарбий альянсдан Афғонистонга қўшимча 5-10 минг аскар юборишни сўрайди.