18 November 2009
02:09 - Хиёбон ўтмиш билан хайрлашмоқда, уни тасмага муҳрлаётган журналистнинг фотокамераси тортиб олинди
Тошкент шаҳрини ободонлаштириш мақсадида пойтахт кўрки бўлган Амир Темур хиёбони (яқин ўтмишда Марказий хиёбон, Революция хиёбони номлари билан аталган) бузиб ташланмоқда. Юз йиллик чинор ва пойтахтдаги не-не суронли йилларни кўрган бу гўша Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан қурилган Форумлар саройининг қурбонига айланди. Гўё, бу бинонинг кўрку тароватини бузиб турган (Ислом Карим таъбирича) дарахтзор эндиликда ўтмишда қолади.

Бугун тушдан сўнг бу ерда юздан ортиқ улкан дарахтлар қулатилди, яшил майса ва гул деворлар чиқиндига чиқди. Булдозъер ва автокранларнинг шовқини қулоқни қоматга келтирди. Атрофни миршаблар ўраб олишган, фавқулодда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Гўё, майдон ўртасидаги саркарда Амир Темур қилич яланғочлаб, Оқсаройга йўл оладигандек.

Ана шу тарихий жараённи суратга олишга уринган Фарғона.Ру ахборот агентлиги мухбири Алексей Волосевич миршаблар томонидан ҳибсга олинди ва фотоаппарати олиб қўйилди. Юнусобод тумани ИИБга олиб келинган журналист тавбасига танятирилиб, қўйиб юборилди.