09 October 2009
00:49 - Ражаб Эрдўғон мухолифат партияси лидеридан товон ололмади, аммо чекинмоқчи ҳам эмас
Туркиянинг расмий Анадўли Агентлигининг хабарига кўра, Анқаранинг 25-чи ҳуқуқий маҳкамаси (суди) мамлакат Бош вазири Ражаб Эрдўғоннинг мухолифатдаги Миллиётчи Ҳаракат Партияси раиси Давлат Боғчалидан 250 минг Турк лираси миқдорида товон ундириш аризасини рад этди (1 АҚШ доллари тахминан 1,5 Турк лирасига тенг).

Судда икки томоннинг адвокатлари қатнашган. Эрдўғоннинг адвокати Муаммар Жамолўғли Давлат Боғчали танқид чегараларида ошиб, Эрдўғоннинг шахсига тегадиган ҳақоратлар қилгани учун маънавий зарарни қоплаши кераклигини гапирса, Давлат Боғчалининг адвокати Ҳамит Хўжабей эса ўз клиенти танқид доирасидан четга чиқмаганини урғулаб, даъвони қабул қилмасликка чақирган.

Туркияда адолат ғалаба қозонди - суд кўр-кўрона Бош вазирнинг тарафини олмади.

Аммо Туркиянинг бош вазири бўш келмоқчи эмас. Яқинда Давлат Боғчали ўзининг сиёсий рақиби бўлмиш Тойиб Эрдўғон Адолат ва Тараққиёт Партиясининг раиси эканлигига имо қилиб, “Сен адолатчи эмас, алдоқчисан” деган сўзлар айтган ва шу каби бир қатор ҳақоратомуз иборалар ишлатган экан. Бу ҳақорат деб ҳисобланган сўзлар учун 50 минг Турк лираси миқдорида товон истаган Тойиб Эрдўғоннинг адвокати судга янги бир даъво аризаси берибди.

Нима бўлганда ҳам, Туркияда ҳуқуқий механизмлар ишлаётганини тан олиш керак. Минг афсуски, Ўзбекистонда ҳам адолат шу каби ишлашини яқин орада орзу қилиб бўлмайди.