18 August 2009
13:21 - Қирғизистон мухолифатининг бирлашиши қандай бўлади?
Кечаги хабарларимизда қирғиз мухолифатининг Бирлашган халқ ҳаракати Политбюроси мажлис ўтказиб, ҳамма мухолиф ташкилотлар асосида ягона сиёсий партия тузиш ғоясини муҳокама қилаётганинини билдиргандик. Бу хусусда ҳали ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Қирғизларнинг АКИпресс агентлигининг бугун тарқатган хабарига қараганда, Политбюрода “Ота-Макон” ва Қирғизистон социал-демократик партияларини ягона партияга бирлаштириш масаласи муҳокама қилинган.

Бу икки партиянинг лидерлари Омурбек Текебоев ва Алмаз Атамбековнинг иштирокидаги мажлисда икки партияни бирлаштириш таклифи ижобий қабул қилинган, аммо қандай қарорга келингани ҳали маълум эмас. Йиғилишда Бирлашган халқ ҳаракати шатабининг раҳбари Азимбек Бекназаров, Сиёсий тақибларга қарши курашиш комитетининг раиси, “Эркиндик” партиясининг раҳбари Тўпчибек Турғуналиев, собиқ Мудофаа вазири Исмаил Исаков ва бошқа мухолиф гуруҳларнинг лидерлари қатнашишган. Улар ҳам икки партиянинг бирлаштириш ғоясини қўллаб-қуватлашган.