05 March 2023
21:13 - НОСИР ЗОКИР: Бугун ҚАТТОЛ СТАЛИН ВАФОТ ЭТГАН КУН!
БУ ЖАЛЛОД МИЛЛИОНЛАБ ҲУР ФИКРЛИ, ВАТАН ва МИЛЛАТИНИНГ ФИДОИЙЛАРИНИ ҚАТАҒОН ҚИЛГАН. БУНИ УНУТГАН ХАЛҚНИнг КЕЛАЖАГИ БЎЛМАЙДИ!

Октябр тўнтариши оқибатида Туркистонда зўрлик билан ўрнатилган мустамлакачи Советлар тузуми биринчи кундан бошлаб халкларимиз бошига сон-саноқсиз қирғинлар, даҳшатли ва аламли кулфатлар олиб келди. Бу даҳшатли режимни ўлкамиз халқлари қабул қилмадилар. Улар истиклол учун, эрк ва миллий-озодлик учун 16 йил мобайнида қуролли кураш олиб бордилар. Бу кураш давомида, айрим хориждаги муаррихлар/тарихчилар ҳисобича, 1 миллион 900 минг ватандошимиз Туркистондан бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетди ва 1 миллион 700 минг юртдошимиз Сибирга, Узоқ Шимолга, Украинага, Шимолий Кавказга, Уралга, Қозоғистонга, Узоқ Шарққа, Кавказга, Волга бўйи районларига бадарға қилинди.

Россия Федерацияси марказий телевидениясининг "Культура" канали 2007 йил 4 июлда "Расстрельные списки Сталина" номли кўрсатув берди. Уни тарих фанлари доктори Н. Петров, тарихчи А. Виноградов олиб бордилар. Унда “катта террор”нинг 1937 йил 30 июлдан бошланиб 1938 йил ноябрига қадар давом этганлиги айтиб ўтилган. Шу вакт ичида 1,5 миллион киши қамоққа олинган, шундан 700 минги отиб юборилган. "Катта террор"нинг қаҳрли тиғи жамият аъзоларининг барча тоифаларини ўз домига тортган. Айниқса, "катта террор"дан аҳолининг қуйи табақасидагилар кўп жабр-зулм кўрганлар.

НКВДнинг 00486-сонли буйруғи бўйича 1938-1946 йилларда Қарағандадаги "Алжир" (Акмолинский лагерь жён изменников родины) лагерида "Ватан хоинларининг оила аъзолари"дан 6500 аёл жазони ўтаган. Халқ душмани тамғаси билан қатағон бўлганларнинг фарзандлари махсус болалар муассасаларида сақланган. 1937 йил 15 августдан 1939 йил январигача Иттифоқ бўйича 25342 бола оиласидан ажратиб олинган, улардан 22427 нафари

Халқ маорифи комиссарлиги ҳудудидаги болалар уйларига ва маҳаллий боғчаларга тарқатиб юборилган, шундан 1909 нафари Москвада бўлган, 2915 нафари бошқаларга боқиш учун оилаларга қайтариб берилган. Бу болаларнинг ёши 15 гача бўлган. Ёши 15 дан юқорида бўлган болалар "ижтимоий хавфли" ҳисобланиб, қамоққа олинган ва ҳукм қилинган.

Қарағанда лагеридаги маҳбус аёллар жазо муддатини ўтаётганларида 1507 нафар фарзанд кўрганлар, бу болалар кўпинча севги асосида эмас, зўрлик асосвда дунёга келганлар.

Мудҳиш воқеалар 1937 йил июлдан бошланиб, 1938 йил ноябргача давом этган. Шу вақт ичида совет империяси бўйича бир ярим миллион киши қамоққа олинган, шундан етти юз минги отилган. Ўзбекистонда эса 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача ўн минг етти юз киши қамоққа олинган. Булардан уч минг олти юз ўн уч киши отилди, етти минг саксон етти киши саккиз-ўн йил муддатга қамоққа ташланди.

Ўша йиллари аҳолининг барча қатламлари қатағон гирдобига тушган. Қатағон аввало, зиёлилар, дин хизматчиларига қарши қаратилган эди.

Факат 1937 йил декабр ойида "учлик" қарори билан ҳукм қилинган уч минг олти юз қирқ тўрт кишидан бир минг тўрт юз олтмиш тўрт нафари имом, эшон, мулла ва бошқа диний хизматчи бўлган. 1938 йилнинг февралида "учлик" йиғилишларида 2491 маҳбус устидан ҳукм чиқарилган, шундан 2086 маҳбус отувга, 398 маҳбус ўн йил муддатга, икки маҳбус саккиз йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Тўрт маҳбус тергов вақтида вафот этган, бир кишигина озод этилган. Улар асосан ўзига тўк деҳқонлар, ишчи-хизматчилар, 153 нафари уламолар, 72 нафари собиқ савдогарлар бўлган.

Қатағон қилинган юртдош уламоларнинг қисматига дойр айрим маълумотларни келтирмоқдамиз:

Абдураҳмон Бердиалиев (1888 йили Андижан округи, Балиқчи тумани, Тумор қишлоғида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) - босмачилик ва бошқа аксил-инқилобий ҳаракатларда қатнашган, колхоз тузумига қарши тарғибот олиб борган деган туҳмат билан "учлик" томонидан 1938 йил 9 февралда отувга ҳукм қилинган.

Ашур Солиев (Бухоро округи Шофиркон тумани, Қилмакон кишлоғида 1903 шли туғилган, олим, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) - миллатчи, аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида колхозчилар орасида совет ҳокимиятига қарши норозилик уйғотган, деган сохта айблов билан "учлик"нинг 1938 йил 7 февралдаги қарори билан отувга ҳукм қилинган.

Ҳайдар Ҳазратқулов (1868 йили ҳозирги Жиззах вилояти Жиззах туманы Етимтак қишлоғида туғилган, дин хизматчиси, имом) - аксилинқилобий миллатчи ташкилот аъзоси, аҳоли орасида колхозга қарши тарғибот олиб борган, деган уйдирма билан "учлик" -нинг 1938 йил 9 феврал қарорига кўра ўн йил меҳнат-тузатиш лагерига ҳукм қилинган.

Абдулла Бойкотов (1888 йили ҳозирги Наманган шаҳрида туғилган, дин хизматчиси, эшон, ҳибсга олинган вақтда ишсиз) - аксилинқилобий гуруҳ аъзоси, совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракатларда қатнашган, халқ душманларини қўллаб-қувватлаган, деган туҳмат билан "учлик" қарорига кўра 1938 йил 9 февралда отувга ҳукм этилган.

Нажмиддин Иномов (1882 йили ҳозирги Наманган вилояти Наманган туманы Шўрқўрғон қишлоғида туғилган, дин хизматчиси, имом, ҳибсга олинган вақтда ишсиз) -- аҳоли орасида аксилинқилобий ташвиқот олиб борган, колхозчиларни совет ҳокимиятига қарши чиқишга тарғиб этган, деган бўҳтонлар билан, "учлик" қарорига кўра 1938 йил 9 февралда отувга ҳукм қилинган.

Соат Турдиев (1890 йили Сурхондарё округи Бойсун тумани Пулҳаким қишлоғида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) - аксилинқилобий гуруҳ раҳбари, ноқонуний йиғинларда иштирок этган, колхозларни тарқатиб юборишга, қуролли ҳаракатларга тарғиб қилган, деган уйдирма билан "учлик" 1938 йил 4 февралда отувга ҳукм қилган.

Иброҳим Муқимов (1873 йили Сурхондарё округи Бойсун тумани Қумбулоқ қишлоғида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда ишсиз) - миллатчи, совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракатларни уюштириш сохта айблови билан айблаб, "учлик" 1938 йил 4 февралда отувга ҳукм қилган.

Алихўжа Примбетов (1888 йили Тошкент вилояти Чирчиқ тумани Кас қишлоғида туғилган, имом) - аҳоли орасида доимий равишда миш-мишлар тарқатган, коммунистларни ёмонлаган деган туҳмат билан "учлик" 1938 йил 14 февралда отувга, мол-мулкини мусодара этишга ҳукм қилган.

Али Махсум Содиқов (1900 йили Қора-қалпоғистон АССР Кипчоқ тумани 5-овулида туғилган, дин хизматчиси) - ноқонуний йиғинларда иштирок этган, бундай ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган, халқ орасида колхозчиларга қарши ташвиқотлар олиб борган, деган туҳмат билан айбланиб, 1938 йил 7 февралда отувга ҳукм қилинган.

Мамут Юсупов (1885 йили Қорақалпоғистон АССР Кипчоқ тумани 5-овулда туғилган, савдогар, дин хизматчиси, имом).-. аксил-инқилобий диний гуруҳ аъзоси, ноқонуний йиғинлар ташкил этиб, аҳоли орасида советларга қарши тарғибот олиб борган, деган туҳмат билан "учлик" 1938 йил 7 февралда отувга ҳукм қилган.

Муса Исаев (1900 йили Хоразм округи Хива шаҳрида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) - аксилинқилобий диний гуруҳ аъзоси, ноқонуний йиғинлар ташкил этган, аҳоли орасида аксилинқилобий ташвиқот олиб борган, деган уйдирма билан айбланиб, "учлик" қарорига кўра 1938 йил 10 февралда отувга ҳукм қилинган.

Худойберган Абдалов (1896 йили Хоразм округи Хива тумани Молотов қишлоқ советида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) - аксилинқилобий диний гуруҳ аъзоси, ноқонуний йиғинларда иштирок этган, аксил-инқилобий мағлубиятчилик ташвиқотларини олиб борган, деган уйдирма билан 1938 йил 10 февралда отувга ҳукм қилинган.

Бу ўринда бор-йўғи ўн икки нафар қатағон қурбони ҳақида қисқа маълумотларни келтирдик. Уларнинг барчаси кейинчалик айби йўқлиги учун оқланган.

Рустамбек Шамсутдиновнинг "Қатағон қурбонлари" китобидан фойдалинилди.

Ушбу лавҳани биринчи бўлиб ёритган Руҳсора Маҳмуджон қизига миннатдорчилик билдирамиз.