Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов республика ёқилғи-энергетика комплексида бир қатор ўзгаришларни амалга оширди. Жумладан, бош вазирнинг икки ўринбосари – нефт-газ комплексига раҳбарлик қилган Шоҳим Абдураҳмонов ҳамда электроэнергетика, қурилиш ва саноат масалалари бўйича масъул Чоримурод Пурчеков ўз лавозимидан озод этилди.
Neftegaz нашрининг ёзишича, Туркманистон ёқилғи-энергетика комплексидаги ўзгаришлар «кутилган эди» ва шу йил январ ойида «Галқиниш» газ конида юзага келган ва Ўзбекистонга газ етказиб беришда узилишга олиб келган муаммолар билан боғлиқ. Бош прокуратура томонидан ўтказилган аудит шуни кўрсатдики, қўшни республикага газ таъминоти тўхтаб қолган 6 кун давомида етказилган зарар миқдори 59,7 миллион долларни ташкил этган.
Аввалроқ, Туркманистоннинг «Туркменгаз» давлат концернида 6 киши, жумладан, Моддий-техника ресурслари ва асбоб-ускуналар бошқармаси раҳбари Шуҳрат Аждаров ва «Туркменгазақдириш» уюшмаси раҳбари вазифасини бажарувчи Шуҳрат Чопанов ҳибсга олинган эди. Улар Туркманистондаги энг йирик «Галқиниш» газ конида юз берган авария ва январ ойининг совуқ кунларида Ўзбекистонга газ етказиб беришнинг тўхтаб қолишида айбдор деб топилган.
Ўзбекларнинг боши Қирғизистон чегарасида ҳам дардда!
Қирғизистоннинг «Дўстук» назорат-ўтказиш пунктида чегарачилар Ўзбекистон фуқароларидан пул ундирмоқда. Бу ҳақда қирғизистонлик журналист Шоҳрух Соипов суриштирувига таяниб, 24.kg хабар берди.
Аввалроқ, ўзбекистонликлар Ўш шаҳри аэропортига етиб келиши билан маҳаллий такси ҳайдовчилари томонидан кутиб олиниб, қиммат нархда чегарагача олиб бориш учун машиналарига ўтиришга мажбурланаётгани айтилган эди.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун аэропортда чегарагача олиб борувчи микроавтобуслар фаолияти йўлга қўйилган. Улар йўловчиларни белгиланган нархда назорат пунктига олиб бормоқда. Бироқ, журналистнинг сўзларига кўра, бу билан йўловчиларнинг муаммолари ҳал этилмаган. Маълум бўлишича, қирғиз-ўзбек чегарасида Қирғизистон чегарачилари қўшни давлат фуқароларидан пора талаб қилмоқда.
Ўзбекистоннинг бир қанча фуқаролари улардан қандай қилиб пул ундирилганини айтиб беришган. Уларнинг сўзларини текшириш мақсадида журналистнинг ўзи назорат-ўтказиш пунктига бориб, хорижликларнинг сўзларига ишонч ҳосил қилган.
Шунақа гаплар! Кўриниб турибдики Ўзбпекларнинг боши Марказий Осиё давлатларида ҳам дард ичида.