14 January 2023
19:15 - “Ташқаридагилар одаммасми?!” Кутувчилари унутилган Тошкент аэропортидан репортаж
Тошкент халқаро аэропортининг очиқ майдонда жойлаштирилган кутиш ҳудуди -13 даража совуқ бўлишига қарамасдан, кутиб олувчилар билан тўла. Улар орасида хориж фуқаролари, аёллар, кекса ота-оналар ҳам бор. 

“3 йилдан бери кўришмаган дўстимни кутиб олиш учун Ўзбекистонга келгандим. Жуда совуқ экан. Музлаб қолдим. Ичкарига рухсат беришса, яхши бўларди. Бизда кутиб олувчилар меҳмонларини аэропорт ичкарисида кутиб олишади. Энг муҳими, иссиққина”, – дейди Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан келган меҳмон.

Яна бир она эса Москвадан келаётган ўғлини кутаётгани, ҳамма яқинларини шундай совуқ шароитда, муз устида кутишга мажбур бўлаётгани ҳақида гапириб, масъуллардан шароит қилиб беришларини сўрайди.

Тошкент халқаро аэропортининг 2-терминали у қадар эски эмас. 2018 йил фойдаланишга топширилган. 5 йил олдин шу аэропорт биноси қурилаётганда кутиб олувчилар учун алоҳидами, терминал ичидами махсус ёпиқ бино ташкил қилиш ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмаганми?

Сиёсатчи Камолиддин Раббимов Тошкент Халқаро Аэропорти ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, бу Ўзбекистоннинг репутацияси билан боғлиқ масала эканини таъкидлаб ўтган.

Сиёсатчи аэропортдан чиқаётганда ҳам қўл юкларини сканердан ўтказиш, ташқарида меҳмонини 3 соатлаб кутиб, совуқда қалтираётганлар, куралмаган қорлар ҳолати ҳақида фикр билдириб, бу ҳолатлар аэропорт маъмуриятини қизиқтирмаслигини танқид остига олган.

“Бутун дунёда одамлар аэропортларнинг ичида, чиройли кутиш залларида ўтириб, яқинларини кузатишади ва кутиб олишади. Лекин фақат Ўзбекистонда эмас. Инсонларни қадрсизлаш – аэропортда бошланади ва аэропортда тугайди. Ҳар қандай давлат тўғрисидаги биринчи таассурот – аэропортдан бошланади”, – деб ёзади у.

Бу каби хабарлар ўқиб борилиши, керакли хулосалар чиқарилиши ШАРТ, деймоқда "Бирлик" Партитяси фаоли. Шундай қилиб бориш ШАРТ.