11 May 2022
20:32 - Қозоғистоннинг бугунги энг бой бизнесменлари рўйхати эълон қилинди, кўрамиз буёғи нима бўлади?
KAZ Minerals Компанияси Президенти ва Ноижрочи Директори Владимир Ким рейтингда биринчи ўринга жойлашибди. Унинг бойлиги миқдори 5 миллиард доллар деб баҳоланибди. Владимир Кимнинг бойлиги бир йил давомида 300 миллион долларга кўпайибди.

Тимур Кулибаев 3,9 миллиард доллар бойлик билан иккинчи ўриндан жой олибди. Унинг бойлиги миқдори ўтган йилга нисбатан 1 миллиард долларга ошган. Тимур Кулибаев Сингапурнинг Steppe Capital Pte Ltd компанияси улушига эга. Joint Resources АЖ, "Кипрос" унга қарашли.

Учинчи ўринга Динара Кулибаева жойлашибди. Унинг бойлиги миқдори 3,9 миллиард долларга тенг экан. Хабар қилинишича, Динара Кулибаеванинг бойлиги бир йил давомида бир миллиард долларга кўпайган. Динара Кулибаева турмуш ўртоғи билан биргаликда "Фирма "Алмэкс Плюс", "Алмэкс" компанияларига эгалик қилади. Улар Halyk Bank банкининг 69,52 фоиз улушига эга. Динара Кулибаева шунингдек, Нурсултон Назарбоев таълим фонди муассиси ҳисобланади.

4-чи ўринда Вячеслав Ким жой олибди - 3,2 миллиард доллар. Унинг бойлиги бир миллиард долларга камайган. Вячеслав Ким Kaspi.kz акциядори ва директорлар кенгаши раиси. Бизнесмен "Алсеко" АЖнинг 90 фоизига эгалик қилади. Бундан ташқари, ELTOP Soft ва "ПОЗИТИВ Инвест" компанияларида улушга эга.

5-чи ўринда Михаил Ломтадзе турибди. Йил давомида унинг бойлиги миқдори 900 миллион долларга камайган. Михаил Ломтадзе Kaspi.kz акциядори, директорлар кенгаши аъзоси, бошқарув раиси ҳисобланади.

Шунингдек, юқори ўнталикдан Булат Утемуратов (2,8 миллиард доллар), Тимур Турлов (2,2 миллиард доллар), Ибрагимовлар оиласи (1,2 миллиард доллар), Кенес Ракишев (960 миллион доллар) ва Сарсеновла оиласи (897 миллион доллар) жой олибди.

Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева 584 миллион доллар бойлик билан 13-ўринни эгаллабди.

Хуллас, шунақа гаплар, шунақа баҳслар! Кўрамиз, буёғи нима бўлади?

Расмда учта катта бойни кўрмоқдасиз. Булар - Владимир Ким, Тимур Кулибаев ва Динара Кулибаева.