09 April 2022
15:21 - Ўзбекистонда экология ва маданий мерос соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганларни РАҒБАТЛАНТИРИШ ТАРТИБИ белгиланди

“Давлат экологик назорати ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҲУКУМАТ ҚАРОРИ қабул қилинди.

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараварига тенг (270 минг сўм) миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, фуқаролар ҳуқуқбузарликни видеотехника воситалари орқали қайд этиши ҳамда фото ва видеоматериалларни кўриб чиқиш учун:

- экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик бўйича – “Эконазорат” ахборот тизими орқали Давлат экология қўмитасига;

- моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик бўйича – “Маданий мерос назорати” ахборот тизими орқали Маданий мерос агентлигига юбориши мумкин.

Материалларда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим: содир этилган ҳуқуқбузарлик; ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса); маданий мерос объектининг номи (тегишли ҳуқуқбузарлик бўйича); ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил, сана ва вақт.

Фото ва видеоматериалларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Ахборот тизимларига келиб тушган ҳуқуқбузарлик қайд этилган фото ва видеоматериаллар масъул ходим томонидан 15 иш куни мобайнида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигига юборилади. Вазирлик тақдим этилган материалларни текшириб ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлайди ва 10 иш куни мобайнида тегишлилиги бўйича Давлат экология қўмитаси ёки Маданий мерос агентлигига юборади.

Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видеоматериалларни юборган шахслар:

- дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (270 минг сўм) миқдорида;

- экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарлик бўйича – ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг 15 фоизи миқдорида;

- моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик бўйича – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (270 минг сўм) миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Рағбатлантириш:

- ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга нисбатан қўлланилади;
- ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан кейин келиб тушган хабарлар бўйича амалга оширилмайди.