25 March 2022
02:25 - Юсуф Жума: Ғарб дипломатиясининг қора кунлари. Ўзбекистонга жасорат импорти. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчисига саволлар.

Дунё мендан нафратланади, чунки мен унинг қилмишлари ёмонлигини фош қиламан.
ҲАЗРАТИ ИСО.

Энг бурундан сўзим ёқмаганлардан кечирим сўрайман - барча сўзлайдиганлар, ёзадиганлар барчадан кўп билганлари, барчадан яхши гапира олишлари, барчадан яхши ёза олишлари учун барчадан кўп сўйлаб,барчадан кўп ёзишларини айтадилар.

Мен бир умр уриниб на гапиришни, на ёзишни эплай олдим, барчадан кўра кам биламан, вале барчадан кўп куйинганим учун гапиришга, ёзишга тутқунман:
Дейлик, ҳамманинг ҳам ота - онаси ўлади - бу тақдир.
Уч -тўрт кун ўртанади, кейин кўникади.
Мен учун ҳар куни гўё ота - онам ҳозиргина ўлгандай...

Мен учун ҳозиргина Улуғ ЖАВҲАР ДУДАЕВ ўлдирилгандай... Мен учун ҳозиргина улуғ БОРИС НЕМЦОВ отилгандай... Мен учун ҳозиргина улуғ Обид Асомов ўлдирилгандай...

Мен учун ҳозиргина Суриядаги туркман болалари бошларига биалогик бомба ташланаётгандай...
Мен учун ҳозиргина Украинадаги тўғруқхонага бомба ёғилгандай - она ва қорнидаги боласи тўғилмай жон бераётгандай...
Бу рўйхатнинг боши бор - охирини Тангри ва мен биламан - дафтарларга сиғмайди...

Кўзим тинганда ҳам юрагим йиғлашдан тинмайди... Тарихчилар битганларки, Улуғ Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари, улуғ руҳларига Тангрининг олқишлари ёғсин, давлатининг бир четидан бир болакай бошида жавоҳир тўла идиш билан ёлғиз йўлга тушса, иккинчи бир четига боргунча бола йигит бўлади, лекин бошидаги идишнинг бирон жавоҳирига бирон кимса қўл чўзолмайди...

Бугун ҳатто тўғруқхоналарни ҳимоя этолмаган дунёнинг ноэр ҳукмдорларига Тангрининг қарғиши бўлсин.

Шони теграсига инсониятни йиға олган улуғ В.Зелинскийга, улуғ Украинага шарафлар бўлсин!!!

Ғарб ҳукмдорлари ва дипломатлари Путин қаршисида сафландилар ва буни дипломатия дедилар. Мустабид:
- Барчанг бош кийимингни еч! - деди.
Барча бош кийимни ечди, бош кийими йўқлар бошига кийим кейиб, сўнгра ечди.
- Эндичи, Жаноб Путин?
- Костюм шимларинггизни ечинг!
- Мана ечдик, эндичи, буюк давлатнинг буюк ҳукмдори?
- Куйлакларинггизни ечинг!....

Ғарблик жаноблардан бирортаси айтмадики, биз қип - яланғочмиз,
сиз ҳеч бўлмаса пайпоғинггиз ечинг - бир озгина дипломатияга ўхшасин?!....

Аксинча - ғарбнинг энг катта тўралари ҳам “Путин жаноблари мен билан сўйлашмоқчимилар, марҳамат, қошларига қандай борсам экан, калта иштон биланми, ё қип - яланғоч?!
Қип - яланғоч бора қолай, калта иштон Путин ҳазратлари ғашига тегмасин, тағин танам яйрайди...”

Ҳатто аллақандай Лавровларга ялтоқланиб нимага эришдилар?!
Ғарб Путинга қарши чора кўришга йигирма йилга кечикди. Ўз пайтида унинг кимлигини билмадилар, ажойиб йигит деб айғоқчига ишониб юравердилар.

Ҳолбуки Путин ҳокимятга келган куни - ўзбек мухолифатининг лидери Абдурайим Пўлат бонг уриб - бундан дунёга фақат фожеалар келишини башорат этганди...

Ғарб дипломантларининг йигирма йиллик минғир - минғирлари ўриснинг қанотли ракеталарининг даҳшатли товушлари остида қолиб кетди...

Гўзал Украинанинг вайроналари остида қолиб кетди.
Бегуноҳ инсонларнинг, болаларнинг - ҳатто она қорнидаги гўдакларнинг қонлари остида қолиб кетди...
Буларнинг бари ғарб дипломатиясининг қора кунларидир... яроқсизлигидир...

Бу учун Ғарб ҳам айбдор - чунки Улуғ Украина НАТО остонасига келган эди - НАТО эшик очмади - аллақандай қонунларга тўғри келмаслиги баҳона этилди.

У қандай қонунларки, бир юртнинг, бир жасоратли элнинг ҳаётидан устун бўлса?!
Менга беринг - ўша қоғозларни - тупурай...
Қанчадан - қанча бачкана қонунлар, ҳатто Тангри буйруқларига зид қонунлар бачкана кимсалар томонидан ёзилади, ўзгартирилади - Озодлик деб кўз - кўз этилади...

Нечун НАТО қонунлари ўзгармас?!....
Мен узоқ йиллар давомида айтдим ва ёздим:
Бир оз жасоратлироқ бўлсангларчи, барчангдан битта Жавҳар Дудаев чиқмайди!
Ҳар бир ишда сиёсат шарт, ғарбнинг сиёсатида сиёсат йўқ!
Сиртлонга Таврот, Инжил ўқишдан не наф, тағин у қутурган бўлса?!
Қутурган йиртқич фақат айиқни ўлдирадиган ўқни тушунади...
Зудлик билан Украинани НАТОга олиш керак эди, ҳалиям шундай қилиш шарт.

Бункердаги жиззаки ядро қуролини кўз - кўз этганда:
- Бу қурол фақат сенда борми?! - дейдиган бир эр топилмади ғарбда...
Нечун жоҳил афғонларга берилган самолётлардан украинларга берилмади?!...
Эр Воладимир Зелинскийда куч бўлса, Сизни қирғинга ташлаб, Сизга эшик ёпармиди?!....
Куч эшакда ҳам бор - лекин бир кўппакдан ҳам қочади, агар эшак бир тепса - кўппак ўлади.
Эшакнинг фожеаси шундаки - шўрликда жасорат йўқ....

Уруш бошланганига бир ойча бўлди - тўрт ҳафта - шанба, якшанба - саккиз кун Ғарб тўралари дам олдилар - уруш фожеалари идораларда қолади - тўраларда эси пастлик касали бор - манфаатдан бошқа нарсани тез унитадилар - уйларда ҳордик олиш имконлари чексиз...

Виждонда ҳордиқ олиш кунлари бўладими - виждон ҳордиқ олса - виждонсизлик бошланмайдими... Номус ҳордиқ олса - номуссизлик бошланмайдими...

Тўғри,АҚШнинг донишманд Президенти Жо Байдин жаноблари урушни тўхтатиш учун тиним билмаяпти - лекин бу етарли эмас, янада жасоротлироқ одимлар отишини кутаяпти дунё...

Шу ўринда бир ҳазил шеър.

Менга ташланмагин, кўппак,
Жо Байдин огоҳлантирар.
Юкни ағдармагин, эшшак,
Жо Байдин огоҳлантирар.

Лавлагимни ема, қуён,
Жайронга ташланма, сиртлон,
Қушларни ютмагин, илон,
Жо Байдин огоҳлантирар.

Огоҳлантиришдан кейин
Не жазо? - демагин - ойдин -
Огоҳлантирилар тағин
Жо Байдин огоҳлантирар.

АҚШни забт этса Путин,
АҚШ қарши турмас - тайин,
Уруш чиқмасин деб вазмин
Жо Байдин огоҳлантирар.

НАТО остонасида бўлаётган бу ёвузликни тўхтатиш шарт - БМТнинг тинчликпарвар кучларни киритиш керакдир балки...

Путиннинг Украинага урушидан мақсади - фақат Украина эмас эди –
мартгача Украинани олиб, 12 мартда СССРни тикламоқчи эди.

Мардона Украина бу тилагини синдирмаслиги учун ҳеч нимадан қайтмайди...

Санксияларнинг уруш майдонига етиб келишиига, кўп йиллар керак, тошбақага
миниб олган бу аскарлар ҳеч қачон етиб келмаслиги ҳам мумкин.
АҚШ савдо вазирлиги - санксиядан сўнг ҳам Россияга самолётлар қатнови тўхтамаганидай шармандали хабарни эълон қилди - Бу Украинага хиёнат эмасми?!...
Бундай хиёнатларнинг кўламини аниқлаш имконсиз...
Тўғри, АҚШ ва Европадан бошқа ким ҳам бор, қайси давлат борки, унга таянсанг?!

Си билан Путинми, Хитой билан Россиями?!
Улардан ўз халқлари қочмоқда.
Ўрисдан ҳатто қардош украинлар, белоруслар қочмоқда. Кремль жиззакиси бачкана билими билан ўйлайдики, дунё СССР билан яралган, иркит Ленин - Одам Ато.

Дунёнинг милён - милён йиллик тарихи бор, очунни ёппасига сўраган Ўғизхон сенинг бобонг эмасдир...
Қирим - менинг қирим - менинг тоғим дегани...
Сибир - Су бир - улкан сувлик дегани...
Тоғли Қорабоғ - соф ўғизча ...
Қора денгиз - катта денгиз дегани...
Алп тоғлари - алп - катта, улкан, баҳайбат...
Алп сўзи фақат турк - ўғиз сўзи...
Бутун очуннинг ерларининг отларининг мағзини чақ - бу учун улкан - алп эс керак...

Аллақандай имонсиз Ленин, қонунсиз СССР – ўнлаб элларнинг геносидди.
Сталин йигирма бир миллион инсон қотили.
Гитлердан миллион карра даҳшатли...
Европанинг энг катта икки фожеаси - Наполеондан ва Гитлердан Кремлни кутқариб қолганидир...

Путин жаноблари чиндан рус, белорус, украин элларининг бирлигини истаса, эркин сайлов этсин - Путин, Лукашенко, улуғ Зелинский номзодлари қўйилсин - уч эл овоз берсин - шубҳасиз Зелинский сайланади -уч эл ҳам бир онанинг фарзандларидай яшайдилар...

Барча эллар бирлашадилар - иттифоқ бўлиб яшайдилар - ҳозир бутун дунё Зелинский теграсида эрку ҳақиқат деб йиғилди.

Лекин Путиндан Украинадаги руслар дод демоқда... Инсониятни бир - бирига қирдираётганлар - ёвуз кучлардир...
Кремлга сиғинаётганлар, талпинаётганлар Марказий Осиёнинг - Туркистоннинг сотқинлари, даюслари, номуссизлари - иркит тўрачалари...

“Тўқаев, сендан бутун мамлакат нафратланади!” - деб ҳайқирди қардош қозоқлар.
Бундай нафрат М.О.даги ҳар бир элда ўз бошидаги номуссизга чексиздир.
Дунёдаги ҳеч бир юрт М.О.чалик таланмаяпти, айниқса Ўзбекистончалик.

Олтиндан оҳаккача - барча конлар, барча заводлар, банклар, барча хом - ашъё ... барини Ш.М. Кремлга хатлаб берди, қанча ёздим, ўзгармайди.
Номуссиз тўғилганлар, номуссиз яшайдилар, номуссиз ўладилар....
Ўрис босқинчиларига ёдгорлик ўрнатишдай шармандаликни бўйнига олган кимсада номус нима қилсин?!
Дунё тарихида йўқ бундай номуссизлик...

М.О. биринчи ва иккинчи жаҳон урушлари даврида Россияни боққан, қуроллантирган, бу сотқинлик яна Россияни санксиялардан қутқаради...

БМТда Россия уруши масаласи кўрилганда ҳатто овоз беришга журъат этмаган Ўзбекистон сотқинлари - ҳозир Украинани ёқлаб чиқдилар.
КГБ малайи - Ўзбекистон ТИВ бошлиғи шундай алжирабди. Бунга Мирзиёв кўрсатма бергани аён.
Нодон ўзининг донолигига шубҳа қилмайди. Ш.Мирзиёев ўзининг доҳийлигига, даҳолигига заррача шубҳа қилмайди.
Бу доҳийга бундоқ жасорат қаёқдан келди?! Ўзбекистонга қаердан жасорат импорт қилинди?! КГБдан!
Нечун?!

Ғарбни алдаб - М.О.дан жумладан Ўзбекистондан Россия нафас олиб туриши учун - М.О. - Россиянинг жон томири, жони, юраги, ўпкаси...
Юз йиллар давомида узлуксиз -
Нотўғри ўқитилган, нотўғри ўқитилаётган,
Нотўғри бошқарилган, нотўғри бошқарилаётган М.О.нинг нодон эллари буни тушунмайдилар... Нотўғри ўқитиш, нотўғри бошқариш ҳар қандай эл учун ўлимдир -тириклай ўлимдир...эллар шу боис қулу чўриликни, қорин тўйишни бахт деб билади.

Инсон қанчалик нодон бўлса -ўзини шунчалик озод,бахтли сезади -
Қулларга эрк берилмайди, қулларга эрк деб нодонлик берилади...
М.О. эллари шундай.

Бу эллар бошида Сотқин Мирзиёевлар ўтириб оладилар.
Эр В.Зелинскийдек жасоратли,худо берган зот эл бошида турса - эл бошига ёғилган балоларга қалқон бўлади. Номуссизлар эл бошига чиқса, эл бошида ўғрихоналар, героинхоналар, миллиард - миллиард доллерлик кўшклар, қотилхоналар, фоҳишахоналар, сотқинхоналар қуриб оладилар...

Оиласининг бойлиги давлатнинг,элнинг бойлигидан кўп карра кўп бўлади...
Алқисса, бугун Мирзиёевнинг вазири “жасорат” билан Украинани ёқлаб чиқди.
Бунга ҳатто Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ишониб, сотқинларни оқишлади...
Қорақалпоқистондаги сафарини тўхтатиб, Тошкентга келиб, Ш.М. Путинга қўнғироқ қилиб, урушни қўллаб, қанчалик ялтоқланганини мен сўзма-сўз айтиб беришим мумкин...

Наҳотки элчи жаноблари бехабар бўлсалар...
Ҳатто Украинанинг Ўзбекистон элчихонасига борган фаолларни сўроқ қилдирди...
Бу сотқин қандоқ бирдан қаҳрамонга айланди ...
Наҳотки элчи жаноблари - Ўзбекистоннинг бор конлари Кремлга текин оқаётганларини билмасалар...
Нахотки олтин конлари устида эл оч -яланғоч ўлтирганини билмасалар...
Наҳотки газ конлари устида одамлар музда яшашларини билмасалар...
Наҳотки М.Осиё гази Хитойдан Европагача ўрис томондан пулланаётгани, бу пуллар бу кун Украинага бомбалар бўлиб ёғилаётгани, эртага Европага бомбалар бўлиб ёғилиши мумкинлигини ўйламасалар...

Наҳотки М.О.да Путин ва Сининг ҳукмронлигига қарши чиққан, Сотқин Мирзиёевга қарши чиққан Валижон Калоновнинг террор йўли билан элни бошқараётган Мирзиёев томонидан жиннихонага ташланганини билмасалар...

Ш.Мирзиёев қайда эл ҳатто сув талаб этса - ўша жойда террорчи қудалари бошқарадиган идоралар қўшинлари билан элни янчаяпти, эл куйчиси Жаҳонгир Отажоновни террордан баттар хўрлаганини ноҳотки элчи жаноблари билмасалар...

Шу террорчи Мирзиёевни - Путин танлаган ва тайинлаган сотқинни ислоҳатчига чиқарган ғарб дипломатлари эмасми?!!...

Ғарб ҳукмдорларига улуғ Воладимир Зелинский жасоратидай жасорат тилайман.
Зелинскийнинг кучи нимада -
Тангри берган сўзда, жасоратда!
Сўздан жасорат йўқолса - ёлғончилик, ялтоқилик, қўрқоқлик - номуссизлик урчийди - уруш сўздан бошланади - жасоратсиз сўз душманни тетиклаштиради - кўнглини кўтаради...

Путин бомбалари Украинани вайрон этаяпти.
Бироқ буюк Зелинскийнинг жасоратини, шон -шарафини, Украинанинг шон -шарафини вайрон этолмайди, аксинча янада юксалтиради, замонлар ўтади - инсоният юрагида жасорат достони бўлиб қолади...

Эй дунёнинг худо урган тўралари!
Украинанинг худо берган фарзанди қошида тиз чўкинг! Шундоқ эрга тиз чўкканинггиз билан фахрланинг...
Сиз ҳатто шунга ҳам номуносибсиз...

2022 йил, 22 март.