Россия армияси 25 февраль куни эрта тонгда Киевдаги турли объектларга ҳаво зарбалари бера бошлади, рус ҳарбийлари қуруқликда ҳам шаҳарга яқинлашиб келишди. Чунки, Киев урушга тайёр!
Бугун, яъни жума куни тонгида Украина пойтахтида портлашлар овози эшитилди. Украина ҳукумати маълумотига кўра, Россия Киевдаги бир неча объектга ракета зарбалари йўллаган. Украина армиясининг Бош Штаби ракеталарнинг иккитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали тўхтатиб қолинганини маълум қилди. Бу ракета қолдиқларидан бири аҳоли турар жой биносига тушган ва ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса оқибатида уч киши яраланган, улардан бирининг аҳволи оғирлиги айтилган.
Украина пойтахтида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигналлари янгради, аҳоли “зудлик билан яқин атрофдаги пана жойларга бекиниш”га чақирилибди.
Ижтимоий тармоқларда шаҳардаги портлашлар, шунингдек ҳавода қандайдир объект портлагани акс этган видео-ёзувлар тарқалди. Аввалига бу ракеталардан бири экани тахмин қилинганди, кейин Украина ҳукумати Киев осмонида россияликлар қирувчи самолёти уриб туширилганини маълум қилди.
Украина Ташқи Ишлар Вазири Дмитрий Кулеба ҳозирги вазиятни Иккинчи Жаҳон Урушидаги вазиятга қиёслабди. “Россияликларнинг Киевга даҳшатли ракета зарбалари. Бунақаси бизнинг пойтахтда сўнгги бор 1941 йилда, шаҳарга фашистлар Германияси ҳужум қилганида кузатилган. Украина ёвузлик устидан ғалаба қозонган ва ғалаба қозонади. Путинни тўхтатинг. Россияни изоляция қилинг. Барча алоқаларни узинг. Россияни дунёдан улоқтириб юборинг”, деб ёзди у твиттерда.
Россия томони Киевга қилинган ҳужум бўйича расмий изоҳ бермаган.
Авиа-зарбалардан бир неча соат ўтиб, УНИАН агентлиги Киевдан 10 км масофадаги Вишгородда “замбараклар гумбурлаётгани” эшитила бошлаганини маълум қилди. “Кўчаларда одамлар болалари ва юкларини олиб қочмоқда. Кимнинг имкони бўлса - автода кетмоқда”, - дея ёзди агентлик.
Бундан ташқари, россияликлар зирҳли техникалари шаҳар томон ҳаракатланаётгани, украин ҳарбийлари қиёфасидаги россиялик ҳарбийлар Украина армияси техникасида Киев марказига қараб ҳаракатланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кўп ўтмай Киев шаҳри аҳолиси шаҳар четидаги Оболонь туманида отишмалар овози эшитилаётганини хабар қилди.
Кейинроқ Украина Мудофаа Вазири ўринбосари Анна Маляр фейсбукдаги саҳифаси орқали русларнинг разведка-қўпорувчилар гуруҳи украиналик ҳарбийлар қиёфасида шаҳар марказига киришга урингани ва улар тўхтатилиб, йўқ қилингани ҳақида ёзди. Россия томони бу баёнотга изоҳ бермади.
Украина Мудофаа Вазирлиги ҳам Киевнинг Оболонь туманида русларнинг диверсия-разведка гуруҳи ҳаракатланганини тасдиқлади. “Фуқаролардан техника ҳаракати бўйича хабар беришларини сўраймиз. Огоҳ бўлинг! Уйингиздан чиқманг!”, дейилади хабарда. Вазирлик фуқаролардан душманни зарарсизлантириш учун Молотов коктейллари тайёрлашни ҳам сўрабди.
BBC корреспонденти Святослав Хоменко Оболон ҳудудида доимий портлашлар овози эшитилаётганини хабар қилган. Ижтимоий тармоқда район ҳудудида русларнинг бир неча танки ҳаракатланаётгани акс этган видео тарқалган.
Украина ИИВ раҳбари ўринбосари Антон Герашченко жума “энг оғир кун” бўлишидан огоҳлантирганди. “Душманнинг режаси - танклар колоннаси билан Иванково ва Чернигов томондан Киевга ёриб кириш”, дея қайд этибди у.
У Киевни ҳимоя қилишга қодир барчани ҳарбийларга ёрдам беришга чақирди, аҳолидан сув, озиқ-овқат ва иссиқ буюмлар захирасини ҳозирлашни ҳамда уйда қолиб, кўчага чиқмасликни сўради.
Украина қуролли кучлари Киев шаҳрига кирмоқда ва шаҳар мудофаасига тайёрланмоқда.
Киевликлардан ҳарбий техникаларни тасвирга олмаслик ва бу билан душманга ёрдам кўрсатмаслик сўралмоқда.