19 January 2022
15:30 - АҚШ Мудофаа Вазирлиги Матбуот Котиби Жон Кибри: Ўзбекистон ва Тожикистондаги авиатехникалар толибларга қайтарилмайди
Ўзбекистон ва Тожикистондаги авиатехникалар толибларга қайтарилмайди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа Вазирлиги Матбуот Котиби Жон Кибри маълум қилди.

“Биз ҳозирча ушбу вертолётларни жойлаштириш масаласини ишлаб чиқяпмиз. Менда улар бўйича қандай йўл тутилишига оид янгиланган маълумот йўқ. Лекин, ишонч билан айта оламанки, улар Афғонистонга толиблар фойдаланиши учун қайтарилмайди”, - дебди Жон Кибри.

Жон Кибри ушбу масала Мудофаа Вазирлиги томонидан кўриб чиқиш жараёнида эканини айтган ва шундай дебди: “Ҳозирги вақтда АҚШ толибларни Афғонистоннинг расмий ҳукумати дея тан олмаган ва бу Мудофаа Вазирлигининг ваколатларига кирмайди”.

Жон Кибри ўзи вакили бўлган Пентагоннинг асосий миссияси АҚШни ҳимоя қилиш, жумладан Афғонистондан келиши мумкин бўлган ҳар қандай террористик хавфлардан ҳимоя қилишдан иборат эканини билдирибди.

“Биз у ерда нималар бўлаётганини кузатиб борамиз. Бизда терроризмга қарши кураш бўйича жиддий ва ўта масъулиятли вазифа бор. Биз Афғонистон яна ватанимизга [АҚШга] ҳужум қилиш учун бошпана бўлмаслигини кузатишда давом этамиз”, дебди Пентагон расмий вакили.

2021 йил август ойида АҚШ Афғонистонни тарк этгач, кўплаб ҳарбий учувчилар ўз оилаларини олиб ҳарбий техникаларда қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб чиқиб кетишган эди. Ҳозир “Толибон” ҳукумати ушбу ҳарбий авиацияларни ўзига қайтариб олишни ўйламоқда.